ҲОФИЗНИ ТУНАГАН ЎҒРИ
Қува тумани халқи илгаридан санъатга кўнгил қўйган, айниқса қўшиқчиликка эътибор катта. Буни тумандан кўплаб машҳур хонанда ва созандалар етишиб чиққани ҳам тасдиқлайди. Илхомжон Искандаров ҳам ёш хонандалардан, консерваторияни тамомлаб созандалар гуруҳини ташкил этиб, одамларнинг тўй-томошаларида хизмат қилиб келмоқда.
2021 йил 26 июль куни Акбаробод қишлоғида бўлган никоҳ тўйида ҳофиз И.Искандаров бошчилигидаги гуруҳ хизматда бўлди, шўх куй-қўшиқлар ёшларни, барча меҳмонларни шод этди. Бундан хурсанд бўлганлар ҳофизга, созандаларга пуллар қистиришди, пулнинг “чўғи” баландлигидан ҳофизга яна илҳом келди, ёшларга ёқар қўшиқларни куйлаб тўйга файз киритди.Тўйга меҳмон бўлиб келган М.Қурбонов ҳам ҳофизга қойил қолди ва унга пул қистира туриб, мусиқа асбоби ғилофида турган пулларни кўрди ва фикри бузилди. Бир неча миллион пуллар шундай сўри устида турибди, ҳофиз-у созандалар фақат даврага файз улашиш билан овора. М.Қурбонов атрофга олазарак қаради-да, санъаткорлар пулини “туя қилди”.
Бир муддат овозга дам бериш баҳонасида тўхтаган ҳофиз, ғилофнинг қуруқлигини кўрди ва овози бўғилди, пул дегани фақат жигардан эмас, балки ўпкага ҳам дахлдор экан. Тўйхонада дарров шовқин кўтарилди, биров шу куни кўп ичган мастлардан гумонласа, бошқаси қуда томондан ташриф буюрганлардан пулни сўроқлади. Аммо, тўй оқшомини видеотасвирга тушираётган йигит ўз касбининг ҳақиқий устаси экан. Видеоёзувдан ким нима егани-ю, ким қанча қистирганигача тасвирланибди. Унда М.Қурбоновнинг санъаткорлар сафига қўшилиб тургани, сўнг пайт пойлаб сўрига қўл чўзиб, бир нима олгани-ю ва шу заҳоти шошилиб ташқарига чиқиб кетгани кўриниб қолди. Тўйга меҳмонга эмас, хизматга чақирилган профилактика инспектори ҳам “иссиқ из”дан бориб М.Қурбоновни ушлади. Ўғри ҳам йўқолиб қолмаслиги учун олиб қўйган 3,5 млн. сўмни ҳофизга қайтарди ҳатто дарҳол кетидан ИИБ ходимини юборгани учун ҳофиздан ҳам “ўпкалашни” унутмади.
Ҳа, санъаткор халқи кўнгилчан, одамшаванда бўлади экан, И.Искандаров ҳам судда М.Қурбоновни кечирганини айтиб, ишни ярашув билан тугатишни сўради. Ўз навбатида М.Қурбонов ҳам қилмишига иқрор бўлиб, ярашувга асосан уни озод этишни илтимос қилди ва жиноят иши юритувдан тугатилди. Зеро, М.Қурбонов юқоридагилардан тўғри хулоса чиқариб, тарбияланган бўлса шунинг ўзи катта гап.
И.Искандаров эса тўйларда меҳмонларга шодлик улашиб, тўйхонага файз киритиб юрибди, тушаётган пулларга энди ҳушёр, ишончли жойга жойлашни созандаларга тайинлаган. Тўйхона – муродхона дейишади, бундай муқаддас жойда ўзганинг мулкига кўз олайтириш оғир гуноҳ аммо маънавияти паст, нафсига қул кимсалар орамизда бор экан, айтар сўзимиз шу, тўйхонада эҳтиёт бўлинг, меҳмонларни ўғри қилманг.
Зафаржон Омонов, жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди раиси