Фарғонада Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилмоқда
Фарғона вилоятида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида жорий йил 21-23 апрель кунлари Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Бугун Қўштепа туманида Ёзёвон, Олтиариқ туманлари аҳолиси учун, куннинг иккинчи ярмида Боғдод туманида Риштон, Сўх ва Бувайда туманлари фуқаролари учун оммавий сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда Олий суд раиси ўринбосари Ҳалилулло Тўрахўжаев, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳаков, Судьялар Олий Кенгашининг судьяси Баҳром Собиров, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари иштирокида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлари тингланди, улар тегишлилигича ўрганилди. Аксарият мурожаатлар қабул давомида ҳал этилди, қолганларининг ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди, тушунтириш талаб этиладиган масалалар юзасидан мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жойизки Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаев томонидан шу бугунга қадар 349 нафар фуқаролар қабул қилиниб, шундан 114 нафар жойида ижобий ҳал қилинди.
Оммавий сайёр қабуллар эртага, 23 апрель куни соат 10:00да Қўқон шаҳридаги Ёшлар боғида Қўқон шаҳри, Данғара, Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон ва Учкўприк туманлари фуқаролари учун сайёр қабул ўтказилиши режалаштирилган.