БОШ МАҚСАД — ИНСОН ҚАДРИ
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасини Фарғона вилояти судлари фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Айниқса, дастлабки терговда қилмиши нотўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарварлик сиёсати ҳамда «Инсон қадри учун» тамойилининг яққол намунасидир.
2022 йилнинг дастлабки ярми мобайнида вилоятимизда биринчи босқич судида 3 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 12 нафар шахс апелляция инстанция судида оқланган. Шу билан бирга, 712 шахсга нисбатан 539 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб, ҳукм чиқарилди. Шундан 223 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи эълон қилган айблов иш ҳужжатларидан тўлиқ чиқариб ташланди.
Модомики, гап оқлов ҳукми ва ажримлари хусусида борар экан, бунда судья масаланинг ҳамма жиҳатига эътибор қаратиб, тарафларни атрофлича эшитиб, ҳар бир ҳолат ва далилни синчиклаб ўрганиб, сўнг барчасини адолат тарозисига қўйган ҳолда қарор қабул қилиши шарт. Ана шундагина ҳамюртларимизнинг судларга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланади.
Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Равшанбек Тожибоевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди.
Р. Тожибоевнинг куёви — Қўштепа тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи маъмурий амалиёт инспектори Ж. Аҳмедов 2014 йил куз ойларида жиноят устида ушланган.
Равшанбек Тожибоев куёвига нисбатан қўзғатилган ва Марғилон шаҳар прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича енгиллик берилиши учун Фарғона вилояти ИИБ тезкор вакили С. Қорабоев ва МХХ Фарғона вилояти бошқармаси собиқ ходими Б. Ҳакимовга 35 335 800 сўмга тенг 15 000 АҚШ долларини пора тариқасида берганликда айбланган.
Жиноят кодексининг 9-моддасига мувофиқ, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.
Жиноят процессуал кодексининг 22-моддаси талабига кўра, терговчи, прокурор ва суд ҳақиқатни аниқлаш мақсадида жиноят юз берганини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.
Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ва судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.
Бироқ дастлабки тергов органи томонидан мазкур қонуний талабларга риоя қилинмаган. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган.
Қолаверса, С. Қорабоев тергов жараёнида Р. Тожибоевнинг пора берганлигини тасдиқлаган бўлса-да, судда гувоҳ тариқасида сўралганда бу кўрсатмаларни тазйиқ ва босими остида бергани, айбланувчи куёвининг ишини ҳал қилиш учун унга мурожаат қилмагани ҳамда пул бермаганлигини билдирди.
Шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Равшанбек Тожибоевни айбсиз деб топиб, оқлади. Унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий зарар оқибатларини тегишли тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Айтиш керакки, Фарғона вилояти судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 780 та иш бўйича 943 нафар шахсга нисбатан қонун санкциясида кўрсатилганидан камроқ жазо тайинланган. Бу давлатимиз сиёсатининг кечиримлилик ва инсонпарварлик тамойиллари тақозосидир.
Араз ва гина-кудуратни унутиб, ўзаро келишмовчиликни бартараф этиш, бир-бирини тушуниш, ярашиш каби фазилатлар миллий қадриятларимизнинг ўзига хос кўринишидир. Мана шундай яхшиликка ундовчи урф-одатлар судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 804 нафар шахсга нисбатан 1 минг 737 та жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан тарафлар ярашганликлари сабабли тугатилгани бу фикримизнинг амалий исботидир.
Албатта, бу ҳаётда ҳеч ким хатодан холи эмас. Айниқса, ёшлар орасида билиб-билмай, кўпинча ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйламай жиноят содир этиш ҳоллари учраб туради.
Бундай ҳолатда содир этилган қилмишнинг даражасига қараб, шахсга нисбатан кафолат хатлари асосида енгиллик берилиши қонунчилигимизга хос хусусиятлардан биридир. Вилоят судлари томонидан шахсга нисбатан жазо тайинлашда Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги эътиборга олинмоқда.
Аввало, жазоларни енгилроқ тури билан алмаштиришда, судланувчининг қилмишидан тегишли хулоса чиқаргани, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, бундан буён тўғри йўлдан тоймай юришга қатъий интилаётгани инобатга олинмоқда. Бу ҳам қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигидан далолат.
Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоятимизда пора олиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, пора бериш, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари камайган. Аммо фирибгарлик, ўғирлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, ҳақорат қилиш, босқинчилик жиноятлари кўпайган.
Бу, ўз навбатида, жойларда кенг жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жонлантириш, шу орқали ҳамюртларимизга ҳар бир жиноятнинг ҳуқуқий оқибатларини, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини халқчил тарзда тушунтириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун давлатимиз раҳбарининг «Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак», деган сўзлари судлар фаолияти учун муҳим дастуриламалдир.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Фарғона вилояти суди раиси