Судьянинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланади

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан кўплаб қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларда судларнинг халқчиллиги ва очиқлиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш каби чоралар белгиланиб, бу борада тегишли ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2022 йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, 2023 йил миллий қонунчиликда катта янгилик ва ўзгаришлар билан бошланди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида давлат раҳбарининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча                                чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонлари қабул қилинди.

Бу билан суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланиб, тизимни жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.

Стратегияда келгусида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, тарафларнинг ташаббусига кўра тайинланган эҳтиёт чорасини суд томонидан юқори қийматда (жумладан, етказилган зарарга нисбатан) гаров эҳтиёт чорасига алмаштириш тартибини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Сир эмаски, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.

Ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган
медиация — тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда ҳам низони тинч йўл билан бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги Қонун мазкур институтнинг ривожланишига замин яратди. Низолашаётган тарафларнинг вақти ва ресурсларини тежаш, ортиқча оворагарчиликларни олдиши олиш, низо бўйича ўзаро мақбул ечим топиш – булар медиацияни қўллашнинг ижобий томонлари ҳисобланади.

Шу сабабли, Фармонга асосан эндиликда самарали йўналиш сифатида низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан янада кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари яратилади.

Хусусан, медиация институтини қўллаш доирасини кенгайтириш ва низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган фуқаролик ишлари тоифасини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланади.

Яна бир муҳим масала, судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш мақсадида мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпуси шакллантирилади. Бу эса ушбу тоифадаги ишларни малакали судьялар томонидан сифатли кўрилишини ва ягона суд амалиёти шакллантирилишини таъминлайди.

Шунингдек, Фармон билан тасдиқланган Ҳаракатлар дастурида
суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш каби бошқа муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланди.

Маълумки, жамиятдаги адолат мезони — фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир. Адолат эса фақат мустақил суд ҳокимияти томонидан таъминланиши мумкин. Бу борада Фармонда одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда.

Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Стратегияда келгуси йилларда ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш мақсади белгиланди. Бу эса аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, судьялар ҳамжамияти органларини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам яқин истиқболдаги устувор вазифалар бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда олиб борилаётган одил судловнинг, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, деган эзгу тамойилнинг ҳаётий ифодасидир.

 

Беҳзод Эргашев, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг раиси

Уйнинг пулини тўлиқ олиб уни эгасига расмийлаштирмай алдаб юрган фирибгарга суд ҳукми ўқилди

Қўқон шаҳрида яшовчи, эндигина 30 ёшга кирган Рашид Умматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2021 йилнинг январь ойида уй-жой савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Ҳалимжон Мамадалиевга қарзлари кўпайиб кетгани сабабли ўзи истиқомат қилаётган уйни сотишини айтади.
— Харидорлар бўлса, мени учраштиринг, — дейди у маклер танишига.
Шунга биноан Ҳ.Мамадалиев ўзининг ишдаги ҳамкори Элмурод Ўрмоновга ўша уйни олишни тавсия қилади. Бинобарин, Э.Ўрмонов уйни кўриш учун Рашидникига боради ва у билан учрашиб, уйнинг нархини сўрайди. Натижада иккаласи баҳолашиб, 15.500 АҚШ долларига олди-сотди қилишга келишишади. Келишув ишонарли бўлиши учун эса харидор олдиндан 1000 АҚШ доллари беради.
Эртаси куни Р.Умматов ўн кун ичида уйни унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, қолган пулни ҳам беришини сўрайди.
Элмурод ўзи ишонган ҳамкори Ҳалимжон ўртага тушгани боис Рашидга қолган 14.500 АҚШ долларини ҳам санаб беради. Аммо пул берганлигини тасдиқловчи тилхат ёки бошқа бирор ҳужжат талаб қилмайди. Уй эгаси бўлса турли баҳоналарни рўкач қилиб, олди-сотдини орқага сураверади.
Мана шу тариқа орадан 6 ой ўтса-да, Рашиднинг важ-карсонлари тугамайди. Шу боис Э.Ўрмонов ундан пулини қайтаришни талаб қилади. Бироқ ёлғончи йигит пулларни қарзларига бериб юборганини айтади. Ана шу суҳбатдан кейин ҳам яна бир йил вақт ўтади. Бу муддатда Р.Умматов на уйни харидорнинг номига расмийлаштириб беради, на пулини қайтаради. Шундагина Элмурод алданганини англаб етади. Натижада у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.
Рашид Умматов айбига тўлиқ иқрор бўлади. Бинобарин, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Тергов жараёнида у жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплайди. Шу боис Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлади. Яъни судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.
Биз бежизга Р.Умматовни кўзи очилмаган фирибгар, дея атамадик. Негаки у аввал ҳам фирибгарликка қўл ургани боис жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2022 йил 7 февралдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо Фарғона вилоят судининг 2022 йил 31 мартдаги ажрими асосида ҳукм ўзгартирилади. Яъни унга тайинланган жазо Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 3 ой 27 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Бироқ ҳали ахлоқ тузатиш иши жазосини ўтамасидан олдин Рашиднинг юқоридаги фирибгарлиги фош бўлди. Бинобарин, суд ана шу ўталмаган жазони ҳам инобатга олган ҳолда ҳукм чиқарди.

Хуршид ҚОСИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди раиси

Бувайда туман судининг раиси нафақага кузатилди

Фарғона вилоят судида суд тизимида судьялик фаолияти билан узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ўзининг ҳалоллиги ва фидойилиги билан ёш кадрларга ўрнак бўладиган жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг раиси Ботир Мўминовни тантанали равишда нафақага кузатиш тадбири бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Фарғона вилоят судининг раиси Шуҳрат Камолов ҳамда бир гуруҳ судьялар сўз олиб, Ботир Мўминовнинг ибратли фаолияти хусусида ўзларининг илиқ фикрларини билдирдилар.

 

Б.Мўминов илк фаолиятини 1997 йил Бувайда туман суди судьяси лавозимидан бошлаган. Ўтган йиллар давомида Олий суд судьяси мақомига эришди.

 

Судьялик юкини кўтариб, тизимда узлуксиз йигирма беш йил ишлаш айтмоққа осон, холос…

 

“Тадбирни кузатар эканмиз, нафақага кетаётган Б.Мўминов йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келган касбидан узоқлаша олмаётгани, одил судловни таъминлашда умрининг охиригача хизматга тайёр эканлиги сўзларидан сезилиб турарди”, дейди вилоят суди раисининг ўринбосари Бобохон Вахобов.

 

Тадбир сўнггида, миллий қадриятларимизга асосланган ҳолда тўн кийдирилиб, совғалар тақдим этилди.

 

Машаққатли ва шарафли касб соҳиби бўлган Б.Мўминов йиғилганларга ўз миннатдорлигини билдириб, уларнинг келгуси фаолиятига улкан зафарлар тилади.

Skip to content