ҚУРОЛ  ЎЙИНЧОҚ  ЭМАС.

Қадимдан қолган гап бор, “Ўқи йўқ милтиқ ҳам бир марта отади”. Фарғона вилояти ИИБ идораларида масъул вазифада ишлаган М.Ғоффоров ҳам юқоридаги гапни муболаға билиб, бунга жиддий қарамай панд еганлардан бири.

            Келинг, гапни кўп чуваламай, собиқ ички ишлар ходими томонидан қуролга эҳтиётсизлик билан муносабат қандай ҳодисага сабаб бўлганини баён этайлик.

М.Ғоффоров бўй-басти келишган, жисмонан бақувват бўлгани сабаб, турли синовлардан ўтиб Фарғона вилояти ИИБ патруль-пост хизматига ишга қабул қилинди, у ўзига ярашган формани кийиб, хизмат учун берилган аслаҳалар билан янада кўркамлашди, кўрган кишини ҳаваси келадиган йигит бўлди.

Хизматга қабул қилингач, бошқа ходимлар сингари М.Ғоффоров ҳам ўқ-отар қуролидан фойдаланиш, сақлаш ва муомала қилиш қоидаларини тўлиқ ўрганди. Бу соҳадаги ички ишлар вазирининг буйруқларини билиши бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтди ва унга хизмат жараёнида фойдаланиш учун “АК-74” русумли ўқ отар қуроли (автомат) бириктирилди.

Ички ишлар идораларидаги бир неча йиллик намунали хизматдан сўнг, М.Ғоффоровда ўзига ишонч пайдо бўлди, бу албатта ижобий ҳолат, лекин ишончни суистеъмол қилиниши бепарволик ёки ўзига-ўзи бино қўйиш каби салбий хислатларни ҳам киши табиатига жойлар экан.

2021 йил 16 август куни эрталаб, вилоят ИИБ ППХ ходими М.Ғоффоров хизматдош шериги А.Рахимов томонидан стол устига қўйилган “АК-74” русумли ўқ отар қуролини олиб, бепарволикка йўл қўйиб, шеригига ҳазиллашиб, эҳтиётсизлик қилгани оқибатида қўли автомат тепкисига тегиб, қуролдан икки дона ўқ отилиб, А.Рахимовга тегиб, унга ҳаёти учун хавфли бўлган жароҳатлар етказган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди ва М.Ғоффоров Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланиб, жиноят иши судга юборилди.

Судда ҳам М.Ғоффоровнинг эҳтиётсизлик оқибатида содир этган жиноий қилмиши тасдиғини топди ва у суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди ҳамда ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Қурол билан боғлиқ вазиятда, масъулиятни бир оз бўлса-да йўқотган М.Ғоффоровнинг қилмиши, унинг севган касбини йўқотиб, жазога тортилишига ва энг асосийси ўзига ўхшаган, ёш ва норғул ҳамкасбини ногиронга айланишига сабабчи бўлгани ўта ачинарли ҳолдир.

Юқоридагиларни баён этиш билан бирга, доно халқимизнинг ҳар бир гапи ҳаётий ҳақиқат эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Зеро, бекорга айтилмаган, қурол – ўйинчоқ эмас, ҳар доим эҳтиёт бўлинг, бепарволикка йўл қўйиб, айбдорга айланманг!

 

Зафаржон Омонов, жиноят ишлари бўйича Қува тумани судининг раиси

Фарғона шаҳрида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолиси учун Президент Халқ қабулхонаси масъуллари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида Республика ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабули ўтказилди.

Ташкил этилган сайёр қабул доирасида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов ва судьялар томонидан 329 нафар фуқаронинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

154 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация ва такрорий кассация тартибларида кўриб чиқиш учун қабул қилиниб, мурожаатларнинг 175 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шунигдек, 97 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Skip to content