Уч авлод учрашуви

Фарғона вилоят судида ўтказилган уч авлод учрашувида барча суд фахрийлари, судьялар, суд ходимлари ҳамда юридик техникум ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси У.Мингбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, бугунги суд фахрийларини эъзозлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳаётга самарали тадбиқ этишда ҳаётий тажрибаларининг роли хусусида айтиб ўтди.

Судьялар мустақиллиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этмоқда. Бунга жавобан судьялар ҳам одил судловни амалга ошириш, бу тизимда коррупцияга йўл қўймаслик, касбига виждонан садоқат билан хизмат қилиши лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида Президентимиз ташаббуси билан тарихий ислоҳотларни амалга ошириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлаш, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда ўз сафида мингдан ортиқ аъзони жамлаган Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг ҳам муносиб ўрни борлигига ҳам эътибор қаратилди.

Албатта, адолат ўрнатиш учун судья қонунларни ва уни қўллашни яхши биладиган билимли мутахассис бўлиши билан бирга, кўплаб инсоний фазилатларга эга, ҳар қандай ҳолатда ҳам виждон амрига қулоқ тутадиган, ўзи чиқарган қарори учун масъулиятни тўлиқ ҳис этадиган, бир сўз билан айтганда, юқори маънавиятга эга инсон бўлиши керак.

Учрашувда судьялар ва суд фахрийларининг судьялик фаолиятлари давомида қизиқарли бўлган эсда қоларли воқеалар ҳамда ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб беришгани “Уч авлод учрашувида” иштирок этаётган суд ходимлари ва техникум ўқувчи ёшларининг суд соҳасига бўлган қизиқишини ортишига сабаб бўлди.

Учрашув якунида, узоқ йиллар суд тизимида ишлаган бир гурух суд фахрийлари Ўзбекистон суд тизими фахрийлари сафига қабул қилиниб, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев томонидан гувохномалар топширилди.