Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан тизимда коррупциявий ҳолатларни келиб чиқишини олдини олиш борасида профилактик суҳбатлар ўтказилди

Фарғона вилоят судлари судьялари малака ҳайъати раиси Д.Махаматов ва малака ҳайъати аъзоси А.Абдурахманов томонидан туманлараро, туман ва шаҳар судлари судьяларининг судьялик қасамёди ва “Судьялар одоби кодекси”га ҳамда суд ходимларининг юриш-туриш қоидаларига, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиши аҳволи ўрганилиб, тизимда коррупциявий ҳолатларни келиб чиқишини олдини олиш борасида профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Суҳбатларда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнлар сабабли судья ва суд ходимлари учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани, иш шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамидагина судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги айтилиб, суд идорасига адолат истаб келган инсон энг аввало ўзининг қандай қабул қилинганлигига, у билан бўладиган мулоқотнинг самимийлигига қараб, суд тизимига бўлган муносабатини шакллантириши, бу ўринда эса бугун судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда тамагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги уқтирилди.
Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминланиши тушунтирилиб, судья ва ходимларига доимий равишда билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириб бориш ҳақида топшириқлар берилди.
Суҳбатлар давомида судларда фаолият олиб бораётган судья ва ходимларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари эшитилди.