Ижтимоий тармоқларнинг бирида эълон қилинган билдириш юзасидан
Билдиришда жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 140-моддасининг 1-қисми билан судланган Муҳайё Эминовага оид жиноят иши юзасидан юритилган суд мажлиси баённомаси қалбакилаштирилгани, сайёр суд мажлисида блогерлар иштирокида видеотасвирга олишга рухсат этилмагани иддао қилинган. Шунингдек, суд ажримида М. Тожибоеванинг ишончнома асосида ҳимоячи сифатида судда иштирок этишини таъминлаш ёки уни ҳимоячи сифатида қатнашишига тўсқинлик қиладиган омиллар ҳақидаги важлари кўрсатилмаганлигини, суд ҳукми ғайриқонуний эканлиги, шунингдек М. Эминова жабрланувчи деб топилган Дилором Отахоновага оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши йўқолган деган “баҳона” билан М. Эминовани иш билан таништирлмаётганлиги билдирилган.
Аниқланишича, М. Эминова Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 февралдаги қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 15 декабрдаги қарори ва Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 22 январдаги қарори ўзгартирилиб, шахсни хақоратлашда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддасига асосан Кодекснинг 33-моддаси қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида 330.000 сўм жарима жазосига тортилган. Бундан тўғри хулоса чиқармаган М. Эминова 2024 йил 11 март куни соат 14:20 ларда, Қўштепа туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими биносида, Қўштепа тумани 50-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси М. Рахмонова ва шу мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Акбарова Дилшодани уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг 2024 йил 16 майдаги ҳукмига асосан судланувчига Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 10.500.000 (ўн миллион беш юз минг) сўм жарима жазоси тайинланган.
Мазкур жиноят иши судланувчи М. Эминованинг шикояти асосида Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида 2024 йил 29 ноябрь куни кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Шунинг баробарида ушбу суд қарори якуний эмаслиги, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят ёки протест келтирилиши мумкинлиги тушунтирилган.
Қолверса, М. Эминова суд мажлиси баённомаси қалбакилаштирилганини иддао қилган. Жиноят-процессуал кодексининг 427-моддасида, суд мажлиси баённомаси имзоланганидан кейин беш сутка ичида тарафлар шу баённома юзасидан ўз мулоҳазаларини беришга ҳақли эканлиги белгиланган бўлса-да, М. Эминова суд мажлиси баённомаси юзасидан ўз мулоҳазаларини бермаган.
2024 йил 8 август куни жиноят иши сайёр суд мажлисида кўрилишида М. Эминованинг суд мажлисини блогерлар томонидан аудио ва видоёзувга олиш, халқ таълими ходимлари ва экспертиза хулосаси берган экспертни суд мажлисида сўроқ қилиш ҳақидаги илтимосномаси қисман қаноатлантирилиб, халқ таълими ходимлари ва эксперт суд мажлисига чақирилиши, аудио ва видеоёзувга олиш рад қилинган. Блогерлар суд мажлисида эркин тингловчи сифатида иштирок этишган.
М. Тожибоеванинг М. Эминовани ҳимоя қилиши учун берилган ишончномаси суд мажлисида тақдим қилинмаган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 49-моддасига кўра ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкинлиги, адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилиши; 60-моддасида қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган судланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилиниши мукинлиги қайд этилган. Юқоридагиларга асосан М. Эминовага оид жиноят иши юзасидан М. Тожибоева ҳимоячи сифатида тегишли ордерни тақдим қилмаган, қонуний вакил деб топиш учун эса асослар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, билдиришда судланувчи М. Эминова жабрланувчи деб топилган Д. Отахоновага оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши йўқолган деган важ билан М. Эминова иш билан танишитирлмаётганлиги қайд этилган. М. Эминова иш ҳужжатлари билан танишиб, ўзи лозим деб топган ҳужжатлардан нусхалар олиб, иш ҳужжатлари билан танишганлиги тўғрисидаги тилхатга имзо қўйган. Шунингдек, М.Эминова белгиланган тартибда иш ҳужжатлари билан танишиши ва ўз ҳисобидан нусха олиши мумкинлиги маълум қилинади.
Фарғона вилоят суди ахборот хизмати