Фарғона вилоят судида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди
Фарғона вилоят судида ўтказилган уч авлод учрашувида барча суд фахрийлари, судьялар, суд ходимлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбир бошида Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг Фарғона вилояти бўлими бошлиғи К.Талибовнинг ҳаёт йўлига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг, К.Талибов ва бошқалар сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, бугунги суд фахрийларини эъзозлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳаётга самарали тадбиқ этишда ҳаётий тажрибаларининг роли хусусида айтиб ўтди.
Судьялар мустақиллиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этмоқда. Бунга жавобан судьялар ҳам одил судловни амалга ошириш, бу тизимда коррупцияга йўл қўймаслик, касбига виждонан садоқат билан хизмат қилиши лозимлиги қайд этилди.
Албатта, адолат ўрнатиш учун судья қонунларни ва уни қўллашни яхши биладиган билимли мутахассис бўлиши билан бирга, кўплаб инсоний фазилатларга эга, ҳар қандай ҳолатда ҳам виждон амрига қулоқ тутадиган, ўзи чиқарган қарори учун масъулиятни тўлиқ ҳис этадиган, бир сўз билан айтганда, юқори маънавиятга эга инсон бўлиши керак.
Учрашувда судьялар ва суд фахрийларининг судьялик фаолиятлари давомида қизиқарли бўлган эсда қоларли воқеалар ҳамда ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб беришгани “Уч авлод учрашувида” иштирок этаётган судьялар ва суд ходимларининг суд соҳасига бўлган қизиқишини ортишига сабаб бўлди.
Учрашув якунида, узоқ йиллар суд тизимида ишлаган суд фахрийси Собиржон Хамидовнинг таваллуд топган куни 75 ёши билан Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев томонидан юборилган табрикнома ўқиб эшиттирилиб, Собиржон Хамидовга эсдалик совғалар билан топширилди.
Фарғона вилоят суди бош консультанти С.Турғунбоев