«Судья ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди
-
Бугун Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган “Судья ва ёшлар” учрашувида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Икрам Муслимов, Олий суд Кадрлар бошқармаси бошлиғи Музаффар Мухитдинов, вилоят судлари раислари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ёшлар иштирок этдилар.
Дастлаб М.Мухитдинов суд тизими ҳамда суд тизимидаги ходимлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, ижтимоий кафолатлар ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг, И.Муслимов соҳадаги ислоҳотларга тўхталиб, судьялик касбининг масъулиятини, адолат, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамиятини, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар чуқур билим олишга интилишлари, ўз устида тинимсиз ишлашлари зарурлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида, И.Муслимов ва ёшлар ўртасида жонли савол-жавоб бўлиб ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган суд-ҳуқуқ масалалари, қонунларнинг қўлланилиши ва суд тизимидаги ўзгаришлар ҳақида саволлар беришди. Суд тизими вакиллари бу саволларга атрофлича ва тушунарли тарзда жавоб бериб, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган очиқ мулоқотни таъминладилар. Ушбу жонли мулоқот ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбирнинг энг муҳим қисмларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва “Фарғона давлат университети” ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани бўлди. Ушбу меморандумга кўра, томонлар ўзаро тажриба алмашиш, суд-ҳуқуқ масалаларида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва юридик кадрларни тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.
Тадбир якунида иштирокчилар биргаликда келажакдаги ҳамкорлик режаларини белгилаб олишди.