А Х Б О Р О Т

 (Фарғона вилоят судларининг 2022 йил 9 ойида амалга оширган ишлари юзасидан)

 

Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан 2022 йилнинг                 9 ойида 8.532 (6.953) нафар шахсга нисбатан 7.321 (5.832) та жиноят иши тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан шахс сони 1.579 нафарга ёки 22,7 фоизга кўпайган, жиноят ишлари ҳам мутаносиб равишда 1.489 тага ёки                     25,5 фоизга ортган.

Тамомланган ишлардан 5.882 (4.581) нафар шахсга нисбатан
4.784 (3.561) та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 1.223 тага ёки 34,3 фоизга кўпайган.

Ҳисобот даврида 2.631 (2.349) нафар шахсга нисбатан 2.520 (2.248) та иш тугатилган. Шундан 2.589 (2.306) нафар шахсга нисбатан 2.493 (2.215) та жиноят иши ЖКнинг 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Қайд этилган даврда 2.855 (2.462) та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, бу жами кўрилган ишларнинг                                              38,9 (42,2) фоизини ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан сайёр суд мажлисида ишларни кўриш салмоғи 3,3 фоизга камайган.

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган йилда 5 нафар шахс оқланган бўлса, жорий йилнинг таҳлил қилинаётган даврида 21 нафар шахс апелляция инстанциясида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан юритилган жиноят ишлари тугатилган.

Шунингдек, ушбу даврда 1.126 нафар шахсга нисбатан айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.

 

Таҳлил даврида судланганларнинг:

– 558 (392) нафарига жарима;

– 94 (27) нафарига мажбурий жамоат ишлари;

1.753 (1.379) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари;

1.578 (1.482) нафарига озодликни чеклаш;

1.695 (1.122) нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб,   64 (79) нафари шартли ҳукм қилинган.

 

2022 йил 9 ойида жами кўрилган ишлар бўйича жавобгарликка тортилганларнинг 4.247 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1.948 таси унча оғир бўлмаган, 2.099 таси оғир, 238 таси ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар (3.424 та) 24,0 фоизга, унча оғир бўлмаган жиноятлар (1.689 та) 15,3 фоизга, оғир жиноятлар (1.634 та) 28,5 фоизга, ўта оғир турдаги жиноятлар (204 та) 16,7 фоизга кўпайган.

 

Вилоят миқёсида судлар томонидан кўрилган ишлардан:

фирибгарлик 399 тага, ўғирлик 80 тага, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 310 тага, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 23 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш 65 тага, безорилик 38 тага, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 64 тага, босқинчилик 17 тага, фоҳишахона сақлаш 31 тага ошган бўлса, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш 8 тага, пора бериш 52 тага, транспорт воситасини олиб қочиш 9 тага камайган.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларнинг кўрилиши бўйича:

2022 йил 9 ойида судларга жами 43.641 нафар шахсга нисбатан 35.180 та маъмурий иш келиб тушган бўлиб, 39.846 нафар шахсга нисбатан 32.363 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланган.

Кўрилган ишларнинг 22.142 нафар шахсга нисбатан 19.077 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланган бўлса, 17.704 нафар шахсга нисбатан
13.286 та иш иш юритишдан тугатилган.

 

Иқтисодий ишларни кўрилиши бўйича:

2022 йилнинг 9 ойи давомида вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан жами 13.640 та иш кўриб чиқилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
58,5 фоизга кўпайиб, жами кўрилган низоли ишларнинг
9.643 та ёки 70,6 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган. 125 та иш суд буйруғи тартибида кўрилиб, жами кўрилган ишларнинг 0,9 фоизини ташкил қилади.

Кўрилган ишларнинг:

– 3.360 таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид;

9 911 таси маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид;

349 таси ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид;

19 таси корпоратив муносабатларга оид;

1 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид ишларни ташкил қилади.

 

Кўрилган ишларни туркумлари мисолида таҳлил қилинганида:

коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ 898 (755) та;

банклардаги хисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ 9275 (1027) та;

 ижара шартномаси билан боғлиқ 268 (76) та;

кредит шартномаси билан боғлиқ 592 (520) та;

2602 (3274) таси бошқа тоифадаги яъни (банкротлик, молиявий жарима қўллаш, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, контрактация ва суғурта шартномаси) билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган.

 

Республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи миқдори                           1 млрд. 765 млн. сўм ва суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 15 млрд. 581 млн. сўмни ташкил қилган.

 

Хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 919 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 176 млрд. сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигида 11 479 та иқтисодий ишлар кўрилиб, 680 млрд сўм ундирилган. 

 

Фуқаролик ишларини кўрилиши бўйича:

Ўтган даврда 39.957 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Бу кўрсатгич 2021 йилнинг шу даврида 26.119 тани ташкил қилиб, 13.838 та ёки 52,9 фоизга кўпайган. Кўрилган ишлардан 33.948 таси (20940 та) ёки
84,9 (80,1) фоизи электрон шаклда келиб тушган.

 

Судларда кўрилган ишларнинг:

– 417 (314) таси меҳнат муносабатларига оид низолар;

– 8.588 (7.188) таси оила масалалар, шундан 4.535 (3.556) таси никоҳдан ажратиш ҳақида;

– 827 (553) таси уй-жой низолари;

– 26.607 (15.027) таси битимлар билан боғлиқ низолар, шундан 23.614 (14.233) таси кредит ундириш ҳақидаги;

– 322 (81) таси ер муносабатларига доир низолар;

– 1716 (1881) таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳамда;

– 1.480 (1.075) таси бошқа турдаги низоларни ташкил қилган.

 

Суд буйруғи билан боғлиқ аризалар 20.336 (8680) тани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 11.656 та ёки 134,2 фоизга кўпайган.

 

Ўтган йилининг шу даврига нисбатан мулк ҳуқуқига оид яъни, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздиришга оид низолар
23,1 фоизга, уйга киритиш билан боғлиқ низолар 21,3 фоизга камайган.

 

Кредит ундириш 9.381 тага;

оила низолари билан боғлиқ бошқа ишлар 1400 тага;

меҳнат низолари 103 тага;

никоҳдан ажратиш 979 тага ошган.

 

Судларда ўтган даврда тарафлар ўртасида келиб чиққан низолар бўйича 87 та фуқаролик ишлари бўйича келишув битими тузилган бўлса, 3.305 та ишлар бўйича тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган.

 

Никоҳдан ажратиш жами кўриб тамомланган ишлардан 4.171 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, 2.615 таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 1.566 таси рад қилинган, 51 таси иш юритиш тугатилган ҳамда 303 таси кўрмасдан қолдирилган.

Шундай бўлса-да, никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 979 тага кўпайган.

Шу сабабли Фарғона вилоят суди ва Фарғона вилоят ҳокимлиги ўртасида (2020 йил 15 декабрда) тасдиқланган “Меморандум” ижросини таъминлаш, вилоятда оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида Фарғона вилоят суди, Фарғона вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда оилавий ажримларни олдини олиш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, режа асосида вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида судлар, прокуратура органи ҳамда Оила ва хотин қизлар бошқармасининг қуйи тизимлари билан ҳамкорликда оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Шунингдек, жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиғи билан Фарғона вилоят суди раиси ўринбосари томонидан 2022 йил 1 февраль куни “Оилавий ажримларни олдини олиш юзасидан” тадбирлар режаси тасдиқланиб, режага асосан, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида Оила ва хотин қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда маҳалла раислари ҳамда уларнинг хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари иштирокида оилавий зўравонликларни ҳамда нотинч ва носоғлом оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоларга батамом барҳам бериш чораларини кучайтириш, оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий томонлари ҳақида тушунтириш ишлари амалга оширилди.

 

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар:

Вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларига 2022 йилнинг 9 ойида давомида 976 та умумий мазмундаги мурожаатлар келиб тушган бўлиб,                   29 таси қолдиқда, шундан 940 таси тегишли тартибда ўрганилиб, жавоб берилган.

Шунингдек, ушбу даврда судларга шахсий ва сайёр қабулларда жами 3069 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг
149 таси ёзма тартибда, 3320 таси оғзаки тартибда олинган бўлиб, шундан 2076 таси бевосита идораларга, 1379 таси эса сайёр қабулларга тўғри келган.

Юқоридагилардан ташқари судларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналаридан жами 3899 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг барчаси ўрганиб чиқилиб, тегишли тартибда жавоблар юборилган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойида судларга Бош вазирнинг тадбиркорлар билан ишлаш ва Бош прокуратуранинг порталлари орқали 99 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шуларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, мурожаат муаллифларига қонунда белгиланган муддатларда жавоб берилган.

 

Тарғиботлар ишлари юзасидан:

Вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш билан биргаликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик низоларини келиб чиқишини олдини олиш борасида халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини  янада ошириш мақсадида турли ҳуқуқий мавзуларда учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

2022 йилнинг 9 ойида Фарғона вилоят судлари томонидан турли ҳуқуқий мавзуларда 2.121 та маротаба учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида жами 1.814 та, шу жумладан телевидениеда 486 та, матбуотда – 323 та, радиода – 180 та,                 веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларида 825 та чиқишлар қилинган.

Ишларни кўриб чиқиш натижаларида келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган жиноят ёки ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан судлар томонидан жойларга хусусий ажрим ва тақдимномалар муҳокама қилиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш учун юборилган.

Хусусан:

Жиноят ишлари бўйича вилоят, туман шаҳар судлари томонидан корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ҳамда  фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама қилиш учун 5.878 та хусусий ажрим чиқарилиб, 37 та тақдимномалар киритилган;

фуқаролик ишлари бўйича 25 та хабарномалар, 802 та хусусий ажрим чиқарилиб, 17 та тақдимномалар киритилган.

иқтисодий ишлар бўйича ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 182 та суд таъсир чоралари қўлланилган, шундан, 3 та маъмурий иш қўзғатилган, 15 та моддий жавобгарликка тортиш ва 77 та интизомий жазо чораси қўллаш ҳамда 87 та хусусий ажрим ва хабарномалар чиқарилган.

Фарғона вилоят суди судьялари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида суд қарорлари ижроси муҳокама қилинди

Судьялар ва суд ходимларини моддий таъминлаш ва судьяларнинг ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йилнинг 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482-сон Фармонида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида судлар томонидан қабул қилинган қарорлар натижасида чиқарилган ижро ҳужжатларининг ижро этилишида самарадорликка эришиш мақсадида куни кеча вилоят, туманлараро ва туман (шаҳар) судлар ва Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа режими орқали семинар ўтказилди.

Семинарда вилоят судининг ўринбосари А.Мадаминов соҳада учраётган хато ва камчиликлар, қолдиқдаги ижро ҳужжатлар ҳамда ижро ҳужжатларини асоссиз қайтарилишини бартараф этиш ҳақида нутқ сўзлаб, семинар иштирокчилари томонидан йўлланган саволларга кенгайтирган ҳолда жавоблар берди.

Шунингдек, келгусида ҳар иккала соҳаларда суд қарорларини ижро этилиши жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда бу соҳа самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

 

Фарходжон Рахмонов, вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

БОШ МАҚСАД — ИНСОН ҚАДРИ

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасини Фарғона вилоя­ти судлари фаолиятида ҳам яқ­қол кў­риш мумкин. Айниқса, дастлабки терговда қилмиши но­тўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахс­ларнинг оқланаётгани давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарварлик сиё­сати ҳамда «Инсон қадри учун» тамойилининг яққол намунасидир.

2022 йилнинг дастлабки яр­ми мобайнида вилоятимизда биринчи босқич судида 3 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳук­ми чиқарилган бўл­са, 12 нафар шахс апелляция инстанция судида оқланган. Шу билан бирга, 712 шахсга нисбатан 539 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қў­йилган айблов ўз­гарти­ри­либ, ҳукм чиқарилди. Шундан 223 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи эълон қилган айблов иш ҳужжатларидан тўлиқ чиқариб ташланди.

Модомики, гап оқлов ҳукми ва ажримлари хусусида борар экан, бунда судья масаланинг ҳамма жиҳатига эътибор қаратиб, тарафларни атрофлича эшитиб, ҳар бир ҳолат ва далилни синчиклаб ўрганиб, сўнг барчасини адолат тарозисига қўйган ҳолда қарор қабул қилиши шарт. Ана шундагина ҳамюртларимизнинг судларга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланади.

Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Равшанбек Тожибоевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кў­риб чиқилди.

Р. Тожибоевнинг куёви — Қўштепа тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи маъмурий амалиёт инспектори Ж. Аҳмедов 2014 йил куз ойларида жиноят устида ушланган.

Равшанбек Тожибоев куёвига нисбатан қўзғатилган ва Мар­ғилон шаҳар прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича енгиллик берилиши учун Фарғона вилояти ИИБ тезкор вакили С. Қорабоев ва МХХ Фарғона вилоя­ти бошқармаси собиқ ходими Б. Ҳакимовга 35 335 800 сўмга тенг 15 000 АҚШ долларини пора тариқасида берганликда айбланган.

Жиноят кодексининг 9-моддасига мувофиқ, шахс қонунда белгиланган тартибда ай­би исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.

Жиноят процессуал кодексининг 22-моддаси талабига кўра, терговчи, прокурор ва суд ҳақиқатни аниқлаш мақсадида жиноят юз берганини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.

Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчи ва судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Бироқ дастлабки тергов ор­гани томонидан мазкур қо­нуний талабларга риоя қилинмаган. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилмаган.

Қолаверса, С. Қорабоев тергов жараёнида Р. Тожибоевнинг пора берганлигини тасдиқлаган бўлса-да, судда гувоҳ тариқасида сўралганда бу кўр­сатмаларни тазйиқ ва босими остида бергани, айб­ланувчи куёвининг ишини ҳал қи­лиш учун унга мурожаат қилмагани ҳамда пул бермаганлигини билдирди.

Шу асосларга таянган жи­ноят­ ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Равшанбек Тожибоевни айбсиз деб топиб, оқ­лади. Унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий зарар оқибатларини тегишли тартибда бартараф қи­лиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Айтиш керакки, Фарғона вилояти судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 780 та иш бўйича 943 нафар шахсга нисбатан қонун санкциясида кўрсатилганидан камроқ жазо тайинланган. Бу давлатимиз сиёсатининг кечиримлилик ва инсонпарварлик тамо­йил­лари тақозосидир.

Араз ва гина-кудуратни унутиб, ўзаро келишмовчиликни бартараф этиш, бир-бирини тушуниш, ярашиш каби фазилатлар миллий қадриятларимизнинг ўзига хос кўринишидир. Мана шундай яхшиликка ундовчи урф-одатлар судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 804 нафар шахс­га нисбатан 1 минг 737 та жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан тарафлар ярашганликлари сабабли тугатилгани бу фикримизнинг амалий исботидир.

Албатта, бу ҳаётда ҳеч ким хатодан холи эмас. Айниқса, ёшлар ора­­сида билиб-билмай, кў­пинча ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйламай жи­­ноят содир этиш ҳоллари уч­раб туради.

Бундай ҳолатда содир этилган қилмишнинг даражасига қараб, шахсга нисбатан кафолат хатлари асосида енгиллик берилиши қонунчилигимизга хос хусусиятлардан биридир. Вилоят судлари томонидан шахс­га нисбатан жазо тайинлашда Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги эъ­тиборга олинмоқда.

Аввало, жазоларни енгилроқ тури билан алмаштиришда, судланувчининг қилмишидан тегишли хулоса чиқаргани,  меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, бундан буён тўғри йўл­дан тоймай юришга қатъий­ ин­тилаётгани инобатга олин­моқда. Бу ҳам қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигидан далолат.

Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоятимизда пора олиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, пора бериш, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари камайган. Аммо фирибгарлик, ўғирлик, транспорт воситалари ҳа­ракати ёки улардан фойдаланиш хавф­сизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўз­лаштириш ёки рас­трата йўли билан талон-тарож қи­лиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, ҳақо­рат қилиш, босқинчилик жиноятлари кўпайган.

Бу, ўз навбатида, жойларда кенг жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқий тар­ғибот ва ташвиқот ишларини янада жонлантириш, шу орқали ҳам­юртларимизга ҳар бир жиноятнинг ҳуқуқий оқибатларини, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини халқчил тарз­да тушунтириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун давлатимиз раҳбарининг «Суд остонасига қа­дам қўй­ган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётга­нига тў­лиқ ишонч ҳосил қи­лиши керак», деган сўзлари судлар фаолияти учун муҳим дастуриламалдир.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Фарғона вилояти суди раиси

Фарғонада вилоят суди раиси кубоги учун судья ва суд ходимлари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тасдиқланган «Фарғона вилоят суди тизимида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом овқатланиш турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури» ижроси юзасидан Фарғона вилоят судлари судьялари ва суд ходимлари ўртасида волейбол мусобақаси бўлиб ўтди.

 

Мусобақада, Фарғона вилоят суди жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари, жиноят ишлари бўйича Фарғона минтақаси судлари, жиноят ишлари бўйича Қўқон минтақаси судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судларининг судьялари ва суд ходимлари иштирок этди.

Мусобақа натижасига кўра, Фарғона вилоят судининг жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг мутлақ ғолибига айланди.

 

Мусобақа якунида ғолиблар вилоят суди раисининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фарғона вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг

Брифингда вилоят маъмурий суди раис ҳамда Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосарлари томонидан ҳисобот даврида кўрилган жиноят,  фуқаролик,  иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш аҳволи, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули, Меморандумлар ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида атрофлича ахборотлар бериб ўтилди.

Жумладан, вилоят Маъмурий суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 667 та маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шуларнинг 503 таси оммавий низолар билан боғлиқ ишлардан иборат бўлган. Биринчи ярим йиллик мобайнида маъмурий судларда кўрилган ишларда давлат органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар салмоқли улушни эгаллаган. Бу йўналишда кўрилган 302 та ишлардан 141 таси қаноатлантирилган бўлса, жами кўрилган ишларнинг 268 таси ёки 40 фоизи қаноатлантирилган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ҳисобот даврида 4901 та жиноят ишлари тамомланган. Айблов ҳукмлари бўйича энг кўп қўлланилган жазо амалиёти озодликни чеклаш (жами судланганларнинг 33,1 фоизи) жазоси бўлган. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси судланганларнинг 30,5 фоизи ёки 1151 нафар шахсга нисбатан қўлланилган. 2022 йил бошидан шу кунга қадар умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ ҳукм чиқариш ҳолати қайд этилмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса ўтган даврда 29249 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12582 тага ортган. Судларда кўрилган ишларнинг катта қисми (73,1 фоизи) битимлар билан боғлиқ низоларга тааллуқли бўлган. Статистик кўрсаткичлар, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олинганда, бу борадаги ишларнинг 2,3 баробарга ортганлигини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби эса кредит ундириш билан боғлиқ даъволарнинг кескин ортганлиги (жорий даврда 18882 та ишлар кўрилган) билан изоҳланади. Шунингдек, кўрилган ишларда оила масалалари (8,8 фоиз), юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш (6,3 фоиз) масалаларидаги ишлар ҳам салмоқли улушга эга.

Перейти к содержимому