Sudyalikka nomzodlar zaxirasiga kirish istagini bildiruvchi fuqarolar diqqatiga

Biz bilamizki, sudyalik kasbi katta masʼuliyat, fidoyilik

va halollikni talab qiladi. Qabul qilinayotgan har bir qaror zamirida inson, uning oilasi taqdiri turadi.

Sud ishlarida adolatli qarorlar qabul qilishga qodir boʼlgan, mustaqil, turli xil taʼsirlarga qarshi tura oladigan yuksak malakali, hayot tajribasiga ega sudyalarni shakllantirish bugungi kunning talabidir.

“Oʼzbekiston Respublikasining Sudlar toʼgʼrisida”gi Qonunning

61-moddasiga asosan “Oʼttiz besh yoshdan kichik boʼlmagan, oliy yuridik maʼlumotga va yuridik ixtisosligi boʼyicha, avvalambor, huquqni muhofaza qiluvchi organlarda kamida besh yillik mehnat stajiga ega boʼlgan Oʼzbekiston Respublikasi fuqarosi fuqarolik ishlari boʼyicha tumanlararo, tuman (shahar) sudining, jinoyat ishlari boʼyicha tuman (shahar) sudining, tumanlararo, tuman (shahar) iqtisodiy sudining, tuman (shahar) maʼmuriy sudining, hududiy harbiy sudning sudyasi boʼlishi mumkin” deb belgilangan. Yuqoridagi talablarga mos keladigan nomzodlar sudyalik lavozimi zaxirasiga kirish uchun Fargʼona viloyat sudlari sudyalari malaka hayʼatiga murojaat qilishlari mumkin.

 

Manzil: Fargʼona viloyati, Fargʼona shahri, S.Temur koʼchasi.

Tel: 73-226-52-98

ОИЛА МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Қўштепа тумани ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг ташаббуси билан 15-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро суди, туман Адлия бўлими, Мажбурий ижро бўлими, ФХДЁ ҳамда ИИБ билан ҳамкорликда “Оила муқаддас даргоҳ” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғини  қошида ташкил этилган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” аъзолари ҳамда маҳаллалардаги ажрим ёқасига келиб қолган оила вакиллари иштирок этишмоқда.

Семинар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримлар, ноқонуний никоҳларни олдини олишда соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш, шошма-шошарлик қилиб никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, ноқонуний никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини олдини олишга қаратилди.

Тадбирда сўз олган фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманларо суди раиси С.Акбаров ҳар қайси даврда, ҳар қайси мамлакат тарақққиёти йўлида жамиятнинг муҳим ва ҳал қилувчи кучи – оилани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб келганлиги, шу маънода, мамлакатимизда мустақил демократик тараққиёт йилларида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида Асосий Қонунимизда мустаҳкамланган оиланинг жамиятимизнинг муҳим бўғини сифатида тутган ўрни ҳамда ролини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурий аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, соғлом оилани шакллантириш, туғма касалликларга чалинган ва ирсият билан боғлиқ болалар туғилишининг олдини олиш, шаръий никоҳ, қариндош уруғлар ўртасида ва эрта никоҳларни олдини олиш юзасидан таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда никоҳланувчи ёшлар ўртасида туман ФҲДЁ бўлимларида ташкил этилган “Оила мактаблари”да тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Семинар иштирокчиларининг талаб ва таклифлари ҳамда савол-жавобларига мутахассислар томонидан жавоблар  берилиб, келгусида бу каби семинарларни кўпроқ ўтказиш бўйича келишиб олинди.

 

Саидазизхон Акбаров, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманларо судининг раиси

Иш бўйича жабрланганларга етказилган моддий зарарнинг қопланиши фирибгарлик жинояти учун озодликдан маҳрум этилган маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасидан озод этилишига сабаб бўлди.

Элдор Мирзаев (исм-шарифи ўзгартирилган) таниши Музаффар Абдуллаев ва Хуршид Амановлардан 2-3 маротаба насияга чорва ҳайвонларни сотиб олиб, пулини ўз вақтида бериш орқали уларнинг ишончига кириб олади. Шу тариқа Элдор Мирзаев 26 бош қўй ва 5 бош қора молларни 92.000.000 сўмга сотиб олиб, пулини бир ой муддатда беришини айтиб уларни алдаб, чорва ҳайвонларини бошқа шахсларга сотиб юбориб фирибгарлик жиноятини содир қилиб, жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг 2020 йил 24 декабрдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Элдор Мирзаев қилган ишидан пушаймонлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини, бошқа фуқароларни алдамаслигини айтиб судга апелляция тартибида шикоят тақдим қилади.

Натижада Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, 2021 йилнинг 22 июнь куни суд раиси Ш.Камоловнинг раислигида Элдор Мирзаевга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 5-қисми (етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди) талабига амал қилиб, Э.Мирзаевга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини моддий зарар қопланганлиги муносабати билан ўзгартириб, унга тайинланган Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартириб, уни жазони ижро этиш муассасасидан қамоқдан озод қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки ўзгаларни ишончига кириб,  уларни алдаб, фирибгарлик қилишнинг оқибати суд курсисига олиб келганидан тўғри хулоса чиқариш керак. Ризқни ҳалол топган одам ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди.

 

 

 

Акрамжон Мамасидиков, Фарғона вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда судлар ва “Васийлик ва ҳомийлик” органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик

Мамалакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловни  ва суд тизимига оид ислоҳотларни амалга ошириш суд идораларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги  ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 23 июнь куни Фарғона вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати биносида Фарғона вилоят прокуратураси, Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги “Васийлик ва ҳомийлик” органи ўртасида “Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда судлар ва “Васийлик ва ҳомийлик” органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида видеоконфернция алоқа режимида амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Фарғона вилоят суди раиси ўринбосари О.Хасанов томонидан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги низомнинг мазмун моҳияти тушунтириб ўтилди. Шунингдек, болани ўз тарбиясига олиш, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, фарзандликка олиш тоифасидаги фуқаролик ишлари кўрилганда “Васийлик ва ҳомийлик” органлари томонидан тақдим қилинаётган хулосаларни ваколати доирасида сифатли тақдим қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Cеминар машғулоти савол жавобларга бой бўлиб, вилоят суди раиси ўринбосари О.Хасанов ва судьялар томонидан асослантирилган жавоблар берилди.

Келгусида “Васийлик ва ҳомийлик” органлари билан судлар ўртасида бу каби тадбирларни доимий ўтказиш белгилаб олинди.

Фарғонада судьялар сайёр қабулда

2021 йил 24 март куни Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, никоҳдан ажратиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низолар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган маҳаллалар, туманларда профилактика ишларини жонлаштиришга қаратилган сайёр қабулларни ташкил этиш масаласида Фарғона вилоят судининг раиси вилдоят маъмурий суди раиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Бошқармаси бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ Қабулхонаси мудири иштирокида тасдиқланган режа ижроси юзасидан жорий йилнинг 19 июнь куни сайёр қабул бўлиб ўтди.

Қабулга Фарғона вилоят судининг раиси Ш.Камолов раислик қилиб, Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Фарғона, Қува, Қўштепа, Тошлоқ ва Ёзёвон туманларига қарашли маҳалла фуқаролар йиғини биноларида сайёр қабуллар ўтказилиб, 91 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган 91 нафар фуқароларнинг 63 нафари
суд-ҳуқуқ масалаларида, 28 нафари ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларда мурожаат қилинди.

Ўрганишлар давомида 59 та масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиб, шундан, 28 та мурожаатлар тегишли идораларга йўнатирилди. Шундан 4 нафар шахсларга нисбатан ишлари сайёр суд мажлисида кўрилиб, тайинланган жазо турлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод қилиниб ижобий ҳал қилинди.

Қабулда туман (шаҳар) прокуратураси, ИИБ, МИБ, Халқ қабулхона, туман (шаҳар) ҳокимияти вакиллари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳамда МФЙ раислари билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, фуқароларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек 7 нафар фуқаролар томонидан оғзаки ташакуррномалар билдирилди.

 

Фарғона вилоят судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content