


КОНСТИТУЦИЯМИЗ ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТ ҚОМУСИГА АЙЛАНДИ
Инсон ҳаётда бахтли яшаш учун интилади, эзгу мақсадлар сари қадам ташлайди.Унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, адолат ва қонун устувор жамиятдагина бунга эриша олади. Янги Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарони ҳаётдан рози қилиш йўлидаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу йил Асосий Қонунимизнинг қабул қилинганлигига 29 йил тўлмоқда. Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан инсон қадри улуғланмоқда. Ислоҳотлар ҳам айнан инсон омилига қаратилганлиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш – тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилма-хиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланганлигини таъкидлаш зарур.
Асосий қонунимизда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланган. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши каби муҳим норманинг мустаҳкамлаб қўйилиши, ўз навбатида суд ҳокимиятининг Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимига мансублигини ҳамда унинг амалда мустақил ва эркин фаолият кўрсатишини кафолатлади.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири – инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади. Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади. 2021 йил 9 февраль куни Конституциянинг 107-моддаси биринчи қисми суд тизими тузилмаси қайта таҳрир этилди.
Судлар бугунги кунда адолат қўрғони сифатида қонун устуворлигини таъминламоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида вилоятимизда 33 шахсга нисбатан оқлов ҳукмларининг чиқарилгани ҳам аслида инсонпарварликнинг ёрқин ифодасидир.
Мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга, шунингдек, бугунги кунга келиб халқимиз эришган улкан ютуқларга яна бир бор назар ташлар эканмиз, мазкур ислоҳотлар ва ютуқларнинг фундаментал асоси ва ҳуқуқий негизини Асосий Қомусимиз ташкил этишини яна бир бор кўришимиз мумкин. Асосий Қомусимиз мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида урушни тарғиб қилганлик учун (150-моддасида), мавжуд конституциявий тузумни ўзгартиришга даъват этганлик учун (159-моддасида) жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўтган йиллар давомида инсон манфаатларини муҳофазалашга қаратилган миллий қонунчилик тизими яратилгани ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани самараси бугун юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришида, аҳоли фаровонлиги ва жамиятимиз барқарорлиги мисолида кузатиш мумкин. Асосий қонунимиз иқтисодий соҳада ҳам муайян имкониятларни яратиб бермоқда. Мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этишининг Конституцияда белгилаб қўйилиши ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари яратилганлиги мулкдор бўлиш ҳуқуқини амалга оширишга ҳар томонлама шароит ва қулайликлар туғдирди. Айниқса, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан тенг муҳофаза этилиши кафолатланганлиги жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтиришнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда. Судлар томонидан инвесторлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят иқтисодий судлари томонидан 2021 йилнинг 10 ойида 849 та тадбиркорларга оид ишлар кўрилган ҳамда 7 нафар инвесторларнинг бузулган ҳуқуқлари суд томонидан кўрилиб, қаноатлантирилган.
Мухтасар айтганда, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи Асосий қомусимиз юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, оила тақдирида, уларнинг бугунги ҳаёти, эртанги келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуҳрат Камолов,
Фарғона вилоят судининг раиси

Фарғона вилоят судининг раиси Сўх туманида фуқаролар билан учрашди
Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, никоҳдан ажратиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низолар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган маҳаллалар, туманларда профилактика ишларини жонлаштиришга қаратилган сайёр қабулларни ташкил этиш масаласида Фарғона вилоят судининг раиси вилоят маъмурий суди раиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Бошқармаси бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ Қабулхонаси мудири ўртасида тасдиқланган режа ижроси юзасидан вилоят судининг раиси Ш.Камолов раислигида, раис ўринбосарлари ва судьялари иштирокида Фарғона вилояти Сўх тумани “Равон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида 26 шахсларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Жумладан:
5 нафар шахсларга нисбатан ишлари сайёр суд мажлисида кўрилиб, тайинланган жазо турлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди;
1 нафар шахснинг даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан қабул қилиниб, рўйхатга олинди;
1 нафар шахсга фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг ҳал қилув қароридан нусха олиб берилди;
19 нафар шахсга нисбатан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қабулда туман прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси, Халқ қабулхона, туман ҳокимияти вакиллари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, фуқароларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган 21 нафар фуқаролар ҳамда тадбиркорлик томонидан оғзаки ташаккурномалар билдирилди.

Судья ва ёшлар
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Фарғона вилояти суди биносида юридик техникум ўқувчилари билан “Судья ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил қилинди.
Учрашувда юридик техникум ўқувчилари вилоят судининг тарихий- музейи, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив хизматлар ва суд мажлисларини масофавий ўтказиш тартиби ҳамда вилоят судининг маъмурий биноси билан яқиндан танишдилар.
Шу билан бирга мажлислар залида вилоят судининг судьялари ва ёшлар кенгаши етакчилари билан давра суҳбати ўтказилди.
Судьялар ва ёшлар кенгаши етакчилари суҳбатни ҳозирги кундаги “Суд- ҳуқуқ” тизимидаги ислоҳотлар, судьялар олий кенгашининг ташкил қилиниши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 ноябрда сўзлаган нутқидаги Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар, шу билан бирга соҳага оид бўлган мавзулар доирасида ўтказишди ва техникум ўқувчилари берилган саволларига мазмунли жавоб олдилар.

ҲОФИЗНИ ТУНАГАН ЎҒРИ
Қува тумани халқи илгаридан санъатга кўнгил қўйган, айниқса қўшиқчиликка эътибор катта. Буни тумандан кўплаб машҳур хонанда ва созандалар етишиб чиққани ҳам тасдиқлайди. Илхомжон Искандаров ҳам ёш хонандалардан, консерваторияни тамомлаб созандалар гуруҳини ташкил этиб, одамларнинг тўй-томошаларида хизмат қилиб келмоқда.
2021 йил 26 июль куни Акбаробод қишлоғида бўлган никоҳ тўйида ҳофиз И.Искандаров бошчилигидаги гуруҳ хизматда бўлди, шўх куй-қўшиқлар ёшларни, барча меҳмонларни шод этди. Бундан хурсанд бўлганлар ҳофизга, созандаларга пуллар қистиришди, пулнинг “чўғи” баландлигидан ҳофизга яна илҳом келди, ёшларга ёқар қўшиқларни куйлаб тўйга файз киритди.Тўйга меҳмон бўлиб келган М.Қурбонов ҳам ҳофизга қойил қолди ва унга пул қистира туриб, мусиқа асбоби ғилофида турган пулларни кўрди ва фикри бузилди. Бир неча миллион пуллар шундай сўри устида турибди, ҳофиз-у созандалар фақат даврага файз улашиш билан овора. М.Қурбонов атрофга олазарак қаради-да, санъаткорлар пулини “туя қилди”.
Бир муддат овозга дам бериш баҳонасида тўхтаган ҳофиз, ғилофнинг қуруқлигини кўрди ва овози бўғилди, пул дегани фақат жигардан эмас, балки ўпкага ҳам дахлдор экан. Тўйхонада дарров шовқин кўтарилди, биров шу куни кўп ичган мастлардан гумонласа, бошқаси қуда томондан ташриф буюрганлардан пулни сўроқлади. Аммо, тўй оқшомини видеотасвирга тушираётган йигит ўз касбининг ҳақиқий устаси экан. Видеоёзувдан ким нима егани-ю, ким қанча қистирганигача тасвирланибди. Унда М.Қурбоновнинг санъаткорлар сафига қўшилиб тургани, сўнг пайт пойлаб сўрига қўл чўзиб, бир нима олгани-ю ва шу заҳоти шошилиб ташқарига чиқиб кетгани кўриниб қолди. Тўйга меҳмонга эмас, хизматга чақирилган профилактика инспектори ҳам “иссиқ из”дан бориб М.Қурбоновни ушлади. Ўғри ҳам йўқолиб қолмаслиги учун олиб қўйган 3,5 млн. сўмни ҳофизга қайтарди ҳатто дарҳол кетидан ИИБ ходимини юборгани учун ҳофиздан ҳам “ўпкалашни” унутмади.
Ҳа, санъаткор халқи кўнгилчан, одамшаванда бўлади экан, И.Искандаров ҳам судда М.Қурбоновни кечирганини айтиб, ишни ярашув билан тугатишни сўради. Ўз навбатида М.Қурбонов ҳам қилмишига иқрор бўлиб, ярашувга асосан уни озод этишни илтимос қилди ва жиноят иши юритувдан тугатилди. Зеро, М.Қурбонов юқоридагилардан тўғри хулоса чиқариб, тарбияланган бўлса шунинг ўзи катта гап.
И.Искандаров эса тўйларда меҳмонларга шодлик улашиб, тўйхонага файз киритиб юрибди, тушаётган пулларга энди ҳушёр, ишончли жойга жойлашни созандаларга тайинлаган. Тўйхона – муродхона дейишади, бундай муқаддас жойда ўзганинг мулкига кўз олайтириш оғир гуноҳ аммо маънавияти паст, нафсига қул кимсалар орамизда бор экан, айтар сўзимиз шу, тўйхонада эҳтиёт бўлинг, меҳмонларни ўғри қилманг.
Зафаржон Омонов, жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Farg‘ona viloyat sudi