МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИ ИШТИРОКЧИ ДАВЛАТЛАРИ СУДЛАРИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ ТАРТИБИ: НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ ТАҲЛИЛ

Глобаллашув жараёнида фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик-иқтисодий муносабатларининг трансчегаравий характер касб этиши хорижий суд қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш институтининг аҳамиятини оширмоқда.

Айниқса, МДҲ ҳудудида тарихий-ҳуқуқий алоқаларнинг узвийлиги мазкур институтнинг амалий қийматини белгилайди.Тадбиркорлик субъектларининг янги бозорларга кириб боришга интилиши, истеъмолчиларнинг талабларини қондириш ва фойда кўришга бўлган интилишлари қўшни давлатлар тадбиркорлик субъектлари билан товарлар олди-сотдиси, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда иқтисодий ҳамкорлик қилиши кўламининг кенгайишига олиб келмоқда. Бу каби муштарак мақсадларни амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўзаро шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришадилар. Табиийки, айрим ҳолларда улар ўртасида вужудга келган низоларни келишув асосида ҳал этиш имкони бўлмаганида, вужудга келган низоларни ваколатли судлар ёки арбитраж судлари орқали ҳал этишларига тўғри келади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг ижро этилиши иқтисодий муносабатларнинг барқарор ривожланиши учун шароит яратади.

Суд қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш – давлат суверенитети, халқаро ҳамкорлик ҳамда процессуал мустақиллик принципларининг мувозанатига асосланадиган мураккаб ҳуқуқий механизмдир.

Қуйида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини бошқа иштирокчи давлат ҳудудида тан олиш ва ижрога қаратиш институти таҳлил қилинади, халқаро шартномавий асослар, миллий процессуал қонунчилик нормалари, рад этиш асослари ҳамда суд амалиётига оид масалалар баён қилинади.

Иқтисодий судлар томонидан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид ишларни кўриб чиқишда Халқаро шартномалар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилинади.

Шу билан бирга, иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 27-сонли Пленум қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади)да берилган тушунтиришлар муҳим аҳамият касб этади.

Пленум қарорининг биринчи бандига кўра, иқтисодий судлар томонидан чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда чет эллик шахслар деб юритилади) иштирокидаги ишларни кўришда, шу жумладан, чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек, чет эл давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган “Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги”ги Конвенция (бундан буён матнда Нью-Йорк Конвенцияси деб юритилади), Киев шаҳрида
1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим (бундан буён матнда Киев Битими деб юритилади), Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Конвенция (бундан буён — Минск Конвенцияси деб юритилади), Кишинёв шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция (бундан буён — Кишинёв Конвенцияси деб юритилади), Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган “Фуқаролик процесси масалаларига доир” Конвенция, ҳуқуқий ёрдам бериш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилишлари лозим.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари суд қарорининг давлатимиз ҳудудида юридик кучини эътироф этишдир. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бу жараён қарорнинг моддий-ҳуқуқий мазмунини қайта кўриб чиқишни назарда тутмайди ва фақат қонунчиликка мувофиқ тан олиш сўралган қарорнинг юридик кучга эга бўлишга сазоворлиги эътироф этилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш билан бирга уларни ижрога қаратиш – суд томонидан махсус ажрим чиқариш орқали хорижий суд қарорига мажбурий ижро кучи беришни назарда тутади ва халқаро хусусий ҳуқуқда бу босқич “экзекватура” деб аталади.

Иқтисодий судлар томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 255-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:

1) ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;

2) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;

3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;

6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;

7) тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;

8) ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;

9) ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;

10) чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.

Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда аризаларни кўриб чиқиш натижаларига кўра иқтисодий судлар томонидан чет давлат судининг, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳақида ажрим чиқарилади.

Шу билан бирга, ИПКнинг 258-моддасига асосан чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида ажрим чиқарган суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан чет давлат, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш орқали тадбиркорлик субъектларининг бузилган ва низолашаётган ишларининг қонунга мувофиқ ҳал этилиши ҳамда ижро этилишида, шунингдек ҳамдўстлик давлатлари ўртасида иқтисодий муносабатларнинг барқарор ўсиши, ривожланишида, пировард натижада эса ҳамдўстлик давлатларининг аҳолиси фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. 1993-йил 22-январдаги Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция.
  2. 2002-йил 7-октябрдаги МДҲ давлатлари ўртасида ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Конвенция.
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 27-сонли Пленум қарори
  4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси.
  5. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича илмий адабиётлар ва суд амалиёти материаллари.

Фарғона вилояти судининг 

иқтисодийишлар бўйича судлов хайъати