МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИ ИШТИРОКЧИ ДАВЛАТЛАРИ СУДЛАРИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ ТАРТИБИ: НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ ТАҲЛИЛ

Глобаллашув жараёнида фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик-иқтисодий муносабатларининг трансчегаравий характер касб этиши хорижий суд қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш институтининг аҳамиятини оширмоқда.

Айниқса, МДҲ ҳудудида тарихий-ҳуқуқий алоқаларнинг узвийлиги мазкур институтнинг амалий қийматини белгилайди.Тадбиркорлик субъектларининг янги бозорларга кириб боришга интилиши, истеъмолчиларнинг талабларини қондириш ва фойда кўришга бўлган интилишлари қўшни давлатлар тадбиркорлик субъектлари билан товарлар олди-сотдиси, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда иқтисодий ҳамкорлик қилиши кўламининг кенгайишига олиб келмоқда. Бу каби муштарак мақсадларни амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўзаро шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришадилар. Табиийки, айрим ҳолларда улар ўртасида вужудга келган низоларни келишув асосида ҳал этиш имкони бўлмаганида, вужудга келган низоларни ваколатли судлар ёки арбитраж судлари орқали ҳал этишларига тўғри келади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг ижро этилиши иқтисодий муносабатларнинг барқарор ривожланиши учун шароит яратади.

Суд қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш – давлат суверенитети, халқаро ҳамкорлик ҳамда процессуал мустақиллик принципларининг мувозанатига асосланадиган мураккаб ҳуқуқий механизмдир.

Қуйида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини бошқа иштирокчи давлат ҳудудида тан олиш ва ижрога қаратиш институти таҳлил қилинади, халқаро шартномавий асослар, миллий процессуал қонунчилик нормалари, рад этиш асослари ҳамда суд амалиётига оид масалалар баён қилинади.

Иқтисодий судлар томонидан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид ишларни кўриб чиқишда Халқаро шартномалар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилинади.

Шу билан бирга, иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 27-сонли Пленум қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади)да берилган тушунтиришлар муҳим аҳамият касб этади.

Пленум қарорининг биринчи бандига кўра, иқтисодий судлар томонидан чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда чет эллик шахслар деб юритилади) иштирокидаги ишларни кўришда, шу жумладан, чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек, чет эл давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган “Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги”ги Конвенция (бундан буён матнда Нью-Йорк Конвенцияси деб юритилади), Киев шаҳрида
1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим (бундан буён матнда Киев Битими деб юритилади), Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Конвенция (бундан буён — Минск Конвенцияси деб юритилади), Кишинёв шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция (бундан буён — Кишинёв Конвенцияси деб юритилади), Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган “Фуқаролик процесси масалаларига доир” Конвенция, ҳуқуқий ёрдам бериш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига амал қилишлари лозим.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари суд қарорининг давлатимиз ҳудудида юридик кучини эътироф этишдир. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бу жараён қарорнинг моддий-ҳуқуқий мазмунини қайта кўриб чиқишни назарда тутмайди ва фақат қонунчиликка мувофиқ тан олиш сўралган қарорнинг юридик кучга эга бўлишга сазоворлиги эътироф этилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш билан бирга уларни ижрога қаратиш – суд томонидан махсус ажрим чиқариш орқали хорижий суд қарорига мажбурий ижро кучи беришни назарда тутади ва халқаро хусусий ҳуқуқда бу босқич “экзекватура” деб аталади.

Иқтисодий судлар томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 255-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:

1) ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;

2) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;

3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;

6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;

7) тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;

8) ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;

9) ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;

10) чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.

Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда аризаларни кўриб чиқиш натижаларига кўра иқтисодий судлар томонидан чет давлат судининг, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳақида ажрим чиқарилади.

Шу билан бирга, ИПКнинг 258-моддасига асосан чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида ажрим чиқарган суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан чет давлат, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш орқали тадбиркорлик субъектларининг бузилган ва низолашаётган ишларининг қонунга мувофиқ ҳал этилиши ҳамда ижро этилишида, шунингдек ҳамдўстлик давлатлари ўртасида иқтисодий муносабатларнинг барқарор ўсиши, ривожланишида, пировард натижада эса ҳамдўстлик давлатларининг аҳолиси фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. 1993-йил 22-январдаги Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция.
  2. 2002-йил 7-октябрдаги МДҲ давлатлари ўртасида ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Конвенция.
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 27-сонли Пленум қарори
  4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси.
  5. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича илмий адабиётлар ва суд амалиёти материаллари.

Фарғона вилояти судининг 

иқтисодийишлар бўйича судлов хайъати

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ БУРЧИДИР

Коррупция – бу моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса. Мазкур ҳодиса демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳаракатларнинг илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратади.

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ёки жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Шу боис, унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим йўналишларидан саналади.                    

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киритилгани коррупцияга барҳам бериш учун тегишли ҳуқуқий асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинмоқда.

Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.

Ушбу Қонуннинг муҳим аҳамиятли жиҳати коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ҳаракати бошландими, ушбу иллатдан азият чекмаслик учун ҳаммамиз бир тан-у бир жон бўлиб, коррупцияга қарши курашишни вазифамизга айлантиришимиз лозим. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти ва маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки, ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилиши ва кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

Фарғона туманлараро иқтисодий

суди судьяси Саида Махмудова

ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР ИФОДАСИ

Ҳар қандай шахснинг камол топишида устозларнинг ўрни беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турувчи йўлчи юлдуз кабидир. Улар туфайли шогирдлар ҳамиша муваффақиятга эришадилар.

Мамлакатимизда кенг нишонланадиган умумхалқ байрами – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона вилоят суди томонидан байрам тадбири ўтказилди.

Нуронийларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатишдек эзгу мақсад ниятида ташкил этилган тадбирга ҳаётини адолатни таъминлашга бағишлаб, суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган нафақага чиққан суд фахрийлари ташриф буюрдилар.

Тадбир байрам дастурхони атрофида давом эттирилиб, суд тизимида фидокорона меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган фахрийларнинг ибратомуз ҳаёт йўллари, ўз даврида олиб борган матонатли хизматлари ёдга олинди.

Устозлар ва шогирдлар дийдорлашувига айланиб, самимий руҳда ўтган тадбирда фахрийларга эсдалик совғалари улашилди.

     Алибек Мелибоев

Фарғона вилоят судининг матбуот котиби

«Суд ва ёшлар»

2025 йил 3 май куни Марғилон шаҳридаги 21-сонли умумтаълим мактабида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 августдаги “Давлат таълим муассасаларида узлуксиз ҳуқуқий таълим тизимини жорий этиш, вояга етмаганларнинг саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси В.Сиддиков томонидан юқори синф ўқувчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни мазмун-моҳияти мавзусида “Очиқ дарс” ўтказилди.

Очиқ дарсда, ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат экани, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишда ифодаланиши ҳақида тушунтиришлар берилди.

            Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа ходими томонидан тегишли жавобларни олдилар.

Очиқ дасрдан сўнг, мактаб кутубхонасига фахрий судьялар ҳаёти ва самарали фаолиятига бағишланган китоблар совға қилинди.

 

            Вахобжон Сиддиков,

  Фарғона вилоят судининг судьяси

Судья ва ёшлар учрашувчи

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади

 

Шу асосда, Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов хайъати раиси Ойбек Хасанов томонидан Фарғона юридик техникуми талабалари иштирокида очиқ дарс машғулоти ўтказилди

 

Очиқ дарс машғулоти давомида ёшларга инсон ҳуқуқлари ҳақида, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси борасидаги ҳужжатлар хусусида маълумотлар берилди.


Ойбек Хасанов
Фарғона вилоят суди
раисининг ўринбосари

 

Skip to content