Фарғона вилоят судлари томонидан 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳақида

Фарғона вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан  2021 йилда амалга оширилган ишлар.

2021 йилда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг иш юритувига 12.267 шахсга нисбатан 10.154 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, ўтган йилдан 1.021 шахсга нисбатан 765 та жиноят иши қолдиқ бўлиб ўтган, шундан 9.898 шахсга нисбатан 8.373 та жиноят иши мазмунан кўриб тамомланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига 4.908 шахсга нисбатан 4.309 та ишга кўпайган.

Жами кўриб тамомланган ишлардан 6.396 шахсга нисбатан 5.016 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлса, 3.464 шахсга нисбатан 3.320 та ишлар эса тугатилган.

Тугатилган ишларнинг 3.409 шахсга нисбатан 3.280 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ва 55 шахсга нисбатан
40 та иш бошқа асосларга кўра тугатилган; 14 та иш бўйича 14 шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган; 27 та иш бўйича 33 шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

852 шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган бўлса, 296 шахс суд залидан қамоққа олинган.

1.434 нафар аёлларга нисбатан 1.295 та, 456 нафар вояга етмаганларга нисбатан 381 та ва олтмиш ёшдан ошган 318 нафар эркаларга нисбатан 315 та иш кўриб тамомланган.

 

Жазо амалиёти: 6.396 шахсга нисбатан 5.016 та иш бўйича жазо тайинлаб, ҳукм чиқарилган. Шундан: 533 шахсга жарима; 34 шахсга мажбурий жамоат ишлари; 1.928 шахсга ахлоқ тузатиш ишлари; 2070 шахсга озодликни чеклаш; 1.603 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Юқори инстанцияларда кўрилиши бўйича: 2021 йил давомида вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига 1.455 шахсга нисбатан 1.058 та жиноят иши апелляция протести ва шикоятларига асосан келиб тушган, шундан 1.014 шахсга нисбатан 838 та иш кўриб тамомланган, 108 нафар шахсга нисбатан 86 та иш апелляция протести ва шикояти қайтариб олингани муносабати билан кўрмасдан қайтарилган.

 

Апелляция инстанцияси томонидан кўриб тамомланган ишлар бўйича 63 шахсга нисбатан 51 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 148 шахсга нисбатан  109 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган (шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган 94 та иш бўйича 101 нафар шахслар амалда етказилган зарарни қоплангани сабабли суд қарорлари ўзгартирилган), 684 шахсга нисбатан 571 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Судларда оқлов қарорлари чиқарилиши: вилоят суди томонидан 27 та иш бўйича 33 шахс оқланган. Шундан, 22 шахс биринчи инстанция судида, 11 шахс эса апелляция инстанцияси судида оқланган.

 

Судланганлик ҳолати: 2021 йил давомида 6.396 (2020 йилда 3.447) шахс судланган, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2.949 шахсга кўпайган.

 

Судларда материалларни кўрилиши: келиб тушган 4.781 та материаллардан 4.351 таси қаноатлантирилиб, 222 таси рад этилган. Шундан, 2.578 шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида.

 

2021 йил давомида 38.543 та (2020 йилда 19.595 та) фуқаролик ишлари кўриб тамомланган, шундан 30.037 та (13.722 та) ёки
77,9 (70,02) фоиз даъво талаблари қаноатлантирилган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан судларда кўрилган ишлар 18.948 та ёки 96,6  фоизга кўпайган.

Судларда кўрилган ишлар бўйича 10 млрд. 548 млн. (4 млрд.,
420 млн.)
сўм давлат божи ундирилган.

22 млрд. 520 млн. сўм давлат божи ундириш ҳақида
33.919 та ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроларига юборилган.

E-XSUD электрон тизим орқали кўрилган ишларнинг 30.875 таси (10.816 та) ёки 80,1 (55,1) фоизи ахборот тизими орқали электрон шаклда келиб тушган.

Судларда кўрилган ишларнинг 312 (324) таси ёки 0,8 (1,7) фоизи меҳнат муносабатларига оид низолар, 9619  (7192) таси ёки 25 (36,8) фоизи оила масалалари, шундан 4.899 (3.466) таси никоҳдан ажратиш ҳақида, 1.218 (602) таси ёки 3,1 (3,1) фоизи уй-жой низолари, 152 (2.325) таси ёки 0,4 (11,9) фоизи мулк ҳуқуқи, 23.220 (5.446) таси ёки 60,2 (27,8) фоизи битимлар билан боғлиқ низолар, шундан 21.259 (4072) таси кредит ундириш ҳақидаги, 154 (516) таси ёки 0,4 (2,6) фоизи ер муносабатларига доир низолар, 397 (234) таси ёки 1,03 (1,2) фоизи зарарни ундиришга оид низолар, 2431 (2576) таси ёки 6,3 (13,1) фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳамда 1050 (380) таси ёки 2,8 (1,8) фоизи бошқа турдаги низоларни ташкил қилган.

Судларда мулк ҳуқуқига оид яъни, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздиришга оид низолар 1294 та ёки 3,9 баробар, ер муносабатларига оид низолар 392 та ёки 3,3 баробарга камайган; оила низолари билан боғлиқ ишлар 6.603 тага, никоҳдан ажратиш 1.433 тага кўпайган.

Суд буйруқлари 12.144 тани (7.508 та) ташкил қилган.

Суд буйруқлари ҳам 4.636 та ёки 61,7 фоизга кўпайган.

Суд буйруқлари асосан, алимент ундириш 1.410 тага, солиқ қарздорлигини ундириш 1.383 тага, коммунал қарздорликни ундириш 1.000 тага кўпайган (вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда).

Судларда ўтган даврда тарафлар ўртасида келиб чиққан низолар бўйича 51 та (48 та) ишлар бўйича келишув битими тузилган бўлса,
2.417 та (1.698 та) ишлар бўйича даъвогарлар ўзларининг даъвосидан воз кечганлар.

Апелляция инстанциясида 994 та (909 та) ишлар кўрилиб, суд қарорларига ҳуқуқий баҳо берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали судларга келиб тушган мурожаатлар 3.480 тани (2068 та) ташкил қилиб, (1412 ёки 68,2 фоизга кўпайган) мурожаатларнинг 67,3 фоизи ижобий ҳал қилинган.

Ишларни кўриб чиқиш натижаларида келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар билан бирга оилавий ажримларни олдини олиш юзасидан 788 та (299 та) хусусий ажрим чиқарилиб, муҳокама қилиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш учун юборилган.

Суд амалиётини ўрганиш юзасидан 82 та (81 та) умумлаштиришлар ўтказилиб, натижаси бўйича 69 та (52 та) тақдимномалар киритилди.

 

Иқтисодий ишлар бўйича судлари томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида.

 

2021 йилда вилоят суди ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан жами 9 269 та ишлар кўриб чиқилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55,3 фоизга кўпайиб, жами кўрилган низоли ишларнинг
5 192 та ёки 56,0 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. 2021 йилда 186 та ишлар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиб, бу жами кўрилган ишларнинг 2,0 фоизини ташкил қилди.

Кўрилган ишларнинг 4 564 таси ёки 49,2 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 3 568 таси ёки 38,4 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 1 115 таси ёки 12,0 фоизи ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид, 22 таси ёки 0,2 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил қилади.

Кўрилган ишларни иш туркумлари мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, судлар томонидан ҳисобот даврида маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ 694 та, тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ 2 787 та, банкрот деб топиш билан боғлиқ 1115 та, контрактация шартномаси билан боғлиқ  445 та, молиявий жарима қўллаш билан боғлиқ 413 та, кредит шартномаси билан боғлиқ 753 та ишлар кўриб чиқилган.

2021 йил давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маҳсулот етказиб бериш шартномаси, контрактация шартномаси, тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ низолар кўпайган бўлса, банкрот деб топиш, кредит шартномаси билан боғлиқ, шунингдек коммунал хизмат кўрсатиш ва лизинг шартномаси билан боғлиқ низолар камайган.

 

Мурожаатларни кўриб чиқилиши: судларга жами бўлиб 7.766 та мурожаатлар келиб тушган, шундан 3.480 таси фуқаролик, 3.506 таси жиноят ва 780 таси иқтисодий судларга тааллуқли.

Инвестор ва тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди

Риштон тумани Агробанк АТБда Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари А.Мадаминов,  судьялар Б.Мамадалиев, М.Умаров ва У.Эргашев иштирокида инвестор ва тадбиркорлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суд таркибида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўришга ихтисослашган алоҳида судлов ҳайьати ташкил этилганлигини, шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги модда киритилганлиги, унга кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига  инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномалари ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар, инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар шулар жумласига киришини маълум қилди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилиб,  инвестор ва тадбиркорлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида эканлиги таъкидланди.

Яхши дам – меҳнатга ҳамдам

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган судьялар ва суд ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ чиқаришлари учун спектакль томошасига таклиф этилдилар. Меҳмонлар учун “Эргинамнинг орзуси» номли комедия намойиш этилди.

Зулхумор Солиева пьесаси асосида режиссёр Муҳаммадсоли Юсупов томонидан саҳналаштирилган спектакль Фарғона шаҳридаги Санъат саройида томошабинлар ҳукмига ҳавола этиб келинмоқда. Асарда кундалик ҳаётда учраб турувчи воқеликлар ўзига хос юмор билан кулгига олинган. Шунинг баробарида, теварак-атрофимизда ҳар қадамда кўзга ташланувчи маиший иллатлар, одамлар феълидаги қусурларга ҳам маҳорат билан “кўзгу” тутилганки, бу беихтиёр ҳар бир томошабинни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди.

Турган гапки, судьялар ва суд ходимлари спекталдан катта таассурот олдилар.  “Яхши дам – меҳнатга ҳамдам” дегандай, мароқли ҳордиқ иш унумига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Фарғонада жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг архиви энг намуналиси деб топилди

Республика судлари раислари, судьялари ва ходимлари иштирокида
2021 йил 27 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган Олий суд Раёсати йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 2021 йил
9 март куни тасдиқланган Йўл харитасининг 95-банди ижроси юзасидан 2021 йил 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг биносида Фарғона вилояти барча туман (шаҳар), туманлараро судлари архивариуслари, архив мудирлари ва давлат архивлари раҳбарлари иштирокида архив ишини янада такомиллаштирган қаратилган семинар машғулоти бўлиб ўтди.

Семинарда архив ишларини ташкил этиш, иш юритиш тартибига риоя қилиш, архивга қўйилган талаблар юзасидан соҳа мутахассислари томонидан тушунтиришлар берилди.

Шу тариқа ушбу семинарда судлар орасида жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг архиви энг намуналиси деб топилди.

КОНСТИТУЦИЯМИЗ ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТ ҚОМУСИГА АЙЛАНДИ

Инсон ҳаётда бахтли яшаш учун интилади, эзгу мақсадлар сари қадам ташлайди.Унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, адолат ва қонун устувор жамиятдагина бунга эриша олади.  Янги Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарони ҳаётдан рози қилиш йўлидаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу  йил Асосий Қонунимизнинг қабул қилинганлигига 29 йил тўлмоқда. Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан инсон қадри улуғланмоқда. Ислоҳотлар ҳам айнан инсон омилига қаратилганлиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш – тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилма-хиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланганлигини таъкидлаш зарур.

Асосий қонунимизда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланган. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши каби муҳим норманинг мустаҳкамлаб қўйилиши, ўз навбатида суд ҳокимиятининг Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимига мансублигини ҳамда унинг амалда мустақил ва эркин фаолият кўрсатишини кафолатлади. 

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири – инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади. Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади. 2021 йил 9 февраль куни Конституциянинг 107-моддаси биринчи қисми суд тизими тузилмаси қайта таҳрир этилди.

Судлар бугунги кунда адолат қўрғони сифатида қонун устуворлигини таъминламоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида вилоятимизда 33 шахсга нисбатан оқлов ҳукмларининг чиқарилгани ҳам аслида инсонпарварликнинг ёрқин ифодасидир.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга, шунингдек, бугунги кунга келиб халқимиз эришган улкан ютуқларга яна бир бор назар ташлар эканмиз, мазкур ислоҳотлар ва ютуқларнинг фундаментал асоси ва ҳуқуқий негизини Асосий Қомусимиз ташкил этишини яна бир бор кўришимиз мумкин.  Асосий Қомусимиз мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида урушни тарғиб қилганлик учун (150-моддасида), мавжуд конституциявий тузумни ўзгартиришга даъват этганлик учун (159-моддасида) жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўтган йиллар давомида инсон манфаатларини муҳофазалашга қаратилган миллий қонунчилик тизими яратилгани ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани самараси бугун юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришида, аҳоли фаровонлиги ва  жамиятимиз барқарорлиги мисолида кузатиш мумкин.  Асосий қонунимиз иқтисодий соҳада ҳам муайян имкониятларни яратиб бермоқда. Мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этишининг Конституцияда белгилаб қўйилиши ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари яратилганлиги мулкдор бўлиш ҳуқуқини амалга оширишга ҳар томонлама шароит ва қулайликлар туғдирди. Айниқса, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан тенг муҳофаза этилиши кафолатланганлиги жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтиришнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда. Судлар томонидан инвесторлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят иқтисодий судлари томонидан 2021 йилнинг 10 ойида 849 та тадбиркорларга оид ишлар кўрилган ҳамда 7 нафар инвесторларнинг бузулган ҳуқуқлари суд томонидан кўрилиб, қаноатлантирилган.

Мухтасар айтганда, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи Асосий қомусимиз юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, оила тақдирида, уларнинг бугунги ҳаёти, эртанги келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 Шуҳрат Камолов,

 Фарғона вилоят судининг раиси

Skip to content