Ёшлар тарбиясига таъсир ўтказаётган замонавий “ўйинчоқлар”

Бугун инсоният замонавий технолигия жадаллик билан ривожланиб бораётган даврда яшаяпти. Ҳар бир соҳада инсон қўл меҳнати ўрнини техника эгаллаб келмоқда. Хусусан, мобил алоқа воситаларини ҳам ҳаётимиздаги ўрни кундан кунга ошиб, унга бўлган эҳтиёж ва қизиқишларимиз ортиб бормоқда.

Ёшларимиз миқиёсида оладиган бўлсак, улар бу воситадан турли мақсадаларда фойдаланиб келишмоқда. Ҳоҳлаган жойимизда истаган мавзумизга оид маълумотни ушбу восита орқали топиб олишимиз мумкин. Шунингдек, ёшлар хорижий тил бўладими, тадбиркорлик соҳасими, масофадан туриб ўз билим ва малакаларини оширишлари мумкин.

Лекин доим ҳам бу ёшларимизнинг алоқа воситалари ота-она ёки бошқа яқинлари томонидан назорат қилинадими? деган савол бизни қийнайди. Ижтимоий тармоқ орқали сузиб кираётган турли ҳил маълумотлар, яъни ўзбек менталититетига ёд бўлган ғоя ва қарашлар бугун ёшларни тўғри йўлидан адашиб қолишига сабаб бўлмоқда. Хўш, сизнинг фарзандингиз мобил алоқа воситасидан фойдаланадими ёки уни назорат қилиб турасизми? Тўғри, доим ҳам болани назорат қилиш ёки тергаш салбий оқибатларга яни болани кўп ёлғон гапириши ёки ичидагиларни яширишига олиб келиши мумкин. Ушбу замонавий дунёда ёшлар китоб ўқишдан кўра, ўзи учун қизиқ бўлган маълумотларни мобил алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ижтимой тармоқлардан қидириб топишни афзал кўрмоқда. Шуни унутмаслик керакки, инсон тафаккурини юксалтирувчи асосий куч бу – мутолаа. Дунё тарихидаги энг кучли подшоҳу, бошқа бир сиёсий давлат арбоблари ҳақида маълуотларни ўқисангиз барчасида кичик ёшдан бошлаб китоб ўқиш орқали ўз билим ва кўникмаларини шакллантирганлигини гувоҳи бўласиз. Албатта, ҳозирга замонавий дунёда, замонавий билимларни ўрганиб бориш муҳим, лекин бунинг ёшлар тарбисига салбий таъсирлари тўғрисида ҳам оз-моз қизиқиб қўйиш зиён қилмайди. Буни олдини олишда биринчи навбатда, ота-оналар, устоз ва мураббийлар масъулдир.

Билим маскани ҳисобланган мактабларда ҳам бугунги кунда ушбу мобил алоқа воситалари сабабли ўқувчи ва ўқитувчи ёки ота-она ва ўқитувчи орасида турли ҳил келишмовчилик ва низолар келиб чиқмоқда. Сабаби, бугун мактабларда кундан кунга ўқувчиларда мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш ва унга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўқувчиларни дарсларга бўлган қизиқиши ва диққатини тарқоқ бўлишига олиб келмоқда. Натижада мактаблардаги таълим сифатининг тушиши юзага келмоқда. Буни олдини олиш мақсадида мактабларда қатъий тадбирлар ўтказилиши ва кузатув ишлари олиб борилиши талаб этилмоқда. Ўқитувчилар кўп вақтини таълимга эмас, ўқувчи тарбияси билан шуғулланшига сарф қилмоқдалар. Статистик маълумотларга кўра, 2050 йилгача Осиё қитъасида
69 % аҳоли узоқни кўра олмаслик касаллигига чалиниши мумкин. Ачинарлиси, уларнинг аксар қисми болалар.

Ўзбекистон Республикасида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш самарадорлигига эришиш ва ўқувчи ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сон қарорига илова тариқасида “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинган. Ушбу Низом, идоравий мансублигидан қатъи назар, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартибини белгилайди ҳамда сифатли таълим олиш ва касбий тайёргарликка эга бўлишда, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтиришда ўқувчилар ва талабаларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган. Шунингдек, ушбу Низомда таълим муассасалари ҳудуди ва хоналарида телефонлардан фойдаланиш тартиби, низом талабларини бузганлик учун жавобгарлик ҳолатлари кўрсатиб ўтилган. Ушбу Низом талаблари билан танишиб чиқиш ҳар бир ота-она ва ўқувчи, устоз ва мураббийнинг таълим муассасасида юзага келиши мумкин бўлган юқоридаги каби муаммоли вазиятларни ҳал қилиш ва ўқувчи ёшлар ўртасида ҳуқуий тарбияни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Юқорида келтирилган муаммоларни биргина ечими албатта ота-она бўлиб қолаверади. Чунки фарзанд тарбияси оиладан бошланади. Келажакда фарзандимизнинг руҳан ва манан бақувват бўлиши, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий тарбиясини шаклланиши биз ота-оналар учун муҳим омил бўлиб хизмат қилишини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак.

Ш.Хакимов, Фарғона вилоят суди

судья катта ёрдамчиси

Ота-онанинг фарзанд олдидаги алимент мажбурияти

Алимент (лотинча сўздан олинган бўлиб қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш икки усулда алимент ундириш тўғрисидаги келишув ҳамда суд ҳужжати асосида амалга оширилади. Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. (Оила кодекси 98-модда) Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. (Оила кодекси 131-модда)

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига асосан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Қонунчилигимизда вояга етмаган болалар таъминоти учун ундириладиган алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, бундай ҳуқуқга эга бўлган шахс ўзи яшаб турган жойда жойлашган судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд; алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар (оталиги белгиланган ҳолларда) суд буйруғи тартибида кўрилади; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар дарҳол ижрога қаратилади.

Даъвогарнинг танлови бўйича ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик судига ариза бериш ҳуқуқи (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси), бу имтиёз алимент ундирувчини ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш мақсадида киритилган. Мисол учун алимент ундирувчи Фарғона вилоятида алимент тўловчи Андижон вилоятида яшайди. Бундай ҳолатда алимент ундирувчи алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилаётганида Андижон вилоятидаги судга мурожаат қилиши шарт эмас, аризасини ўз яшаб турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига топшириши мумкин.   

Алимент ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан ариза билан мурожаат қилинганида, фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат божи тўланмайди. Албатта бу ерда боланинг манфаати устун эканлигини кўришимиз мумкин.

Вояга етмаган болага нисбатан оталик белгиланган ҳолларда алимент ундириш тўғрисидаги аризалар буйруқ тартибида, яъни суд муҳокамаси ўтказмасдан суд ҳужжати қабул қилиш йўли билан кўриб чиқилиб, дарҳол ижро этиш учун мажбурий ижро бюросига юборилади. Фуқаролик процессуал кодексининг мазкур нормаси алимент ундирувчига фуқаролик судларида алимент тўғрисидаги ишларни тезда кўрилишида хизмат қилади.

Алимент ундириш тўғрисидаги ишларни дарҳол ижрога қаратилиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг                       266-моддаси), ижро ҳаракатлари тўхтатиш мумкин эмаслиги, албатта бола манфаатларини инобатга олиб яратилган қонун нормаси ҳисобланади.

Алиментни вақтида тўламаса жазога тортиладими? Албатта Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги
474-моддасига кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаш, суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Амалиётда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари натижасида бирга яшамай қўйишлари, никоҳдан ажралишлари натижасида келиб чиқмоқда. Қисқача қилиб айтганда, оиладаги носоғлом муҳит, ёш оилаларни арзимаган сабабларга кўра бирга яшамай қўйишлари оқибатида юзага келмоқда. Натижада болалар отасиз, онасиз улғаймоқда. Ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлигини унутмаслиги лозим.

Фарғона вилоят суди
судья катта ёрдамчиси

Н.Қосимов

Танишлар ўртасидаги арзимас жанжал бирининг вафоти билан тугади

2024 йил 21 апрель куни Олтиариқ туманида одам ўлими билан боғлиқ фожиали бир воқеа содир бўлди. Л.И.нинг ҳаёти ва унинг оилавий муносабатлари ортидаги драматик воқеийлик бугунги кунда кўпчиликнинг ёдидан чиқмайди.

 

Л.И. тунги вақтларда тумандаги фуқаро Ф.А.га тегишли биллиардхонага бориб, доимий равишда уйига кеч қайтиб келишни одат қилади. 2024 йил 18 апрель куни яна биллиардхонага бориб, тунги соат 3 ларда уйига қайтиб келади, эртаси куни ишга боролмагани учун отаси унга Ф.А. билан алоқа қилмаслиги ҳамда қайтиб биллиардхонага бормаслиги ҳақида танбеҳ беради. Сўнг ўғлининг юриш-туришидан хавотир олиб, Ф.А.га телефон қилиб, ўғлига тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар истеъмол қилдираётганлигини айтиб, ўғли биллиардхонага борса ҳайдаб юбориши ҳақида огоҳлантиради. Л.И. Ф.А.ни отаси М.Х.ни “казёл” деб, биллиардхонасига туман ИИБ ходимларини юборганлиги ҳақида гап чиқарганлигини эшитиб, отаси билан шу масалада ўзаро жанжаллашади.

 

Сўнг, Л.И. 21 апрель куни соат 20 ларда отасини “Ф.А. сени “криса” деяпти, бизни сотқинга чиқариб қўйяпти” деб айтган сўзларидан таъсирланиб, соат 20.30 ларда Ф.А.ни биллиардхонасига бориб, ундан нима учун отасини “казёл” деб гап чиқарганлигини сўраб, ўрталаридаги муносабатларга ойдинлик киритиб, уйига қайтмоқчи бўлган вақтида маст ҳолда бўлган Д.П. уни ёнига чақириб, “қулоқ экансан, терпила, казёлсан” деб ҳақорат қилгани учун у билан жанжаллашади. Жанжал давомида Д.П.ни укаси Э.П. уларни ажратмоқчи бўлганида, Д.П. вазиятдан фойдаланиб, Л.И.ни юз ва танасини бошқа соҳаларига бир неча марта қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб, енгил тан жароҳати етказади. Шунда Л.И. Д.П.ни ҳаракатидан жаҳли чиқиб, уни ўлдириш мақсадида музқаймоқхонани деразасидан ошхона пичоғини олиб, Д.П. билан уришган вақтида пичоқни уни чап кўкрак, қорин соҳаси ва ияк соҳаларига бир мартадан суқиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказади. Бироқ, шу куни Д.П олган оғир тан жароҳатлари оқибатида туман Тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисмига мувофиқ Л.И қотилликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Жиноятчи ўз жазосини олиб, оила даврасига қайтар, лекин икки фарзанднинг отаси энди ҳеч қачон “қайтмайди”. Ҳар бир инсоннинг қиладиган ҳаракатлари, ҳатто кичик ва кўринмас бўлса ҳам, ўз ортидан оғир оқибатларни келтириб чиқриши мумкинлигини унутмайлик.

 

Жиноят ишлари бўйича

Олтиариқ туман судининг

раиси Б.Эргашев

Фарғона вилоят судида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди

Фарғона вилоят судида ўтказилган уч авлод учрашувида барча суд фахрийлари, судьялар, суд ходимлари ҳамда талабалар иштирок этди.

 

Тадбир бошида Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг Фарғона вилояти бўлими бошлиғи К.Талибовнинг ҳаёт йўлига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг, К.Талибов ва бошқалар сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, бугунги суд фахрийларини эъзозлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳаётга самарали тадбиқ этишда ҳаётий тажрибаларининг роли хусусида айтиб ўтди.

 

Судьялар мустақиллиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этмоқда. Бунга жавобан судьялар ҳам одил судловни амалга ошириш, бу тизимда коррупцияга йўл қўймаслик, касбига виждонан садоқат билан хизмат қилиши лозимлиги қайд этилди.

 

Албатта, адолат ўрнатиш учун судья қонунларни ва уни қўллашни яхши биладиган билимли мутахассис бўлиши билан бирга, кўплаб инсоний фазилатларга эга, ҳар қандай ҳолатда ҳам виждон амрига қулоқ тутадиган, ўзи чиқарган қарори учун масъулиятни тўлиқ ҳис этадиган, бир сўз билан айтганда, юқори маънавиятга эга инсон бўлиши керак.

 

Учрашувда судьялар ва суд фахрийларининг судьялик фаолиятлари давомида қизиқарли бўлган эсда қоларли воқеалар ҳамда ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб беришгани “Уч авлод учрашувида” иштирок этаётган судьялар ва суд ходимларининг суд соҳасига бўлган қизиқишини ортишига сабаб бўлди.

 

Учрашув якунида, узоқ йиллар суд тизимида ишлаган суд фахрийси Собиржон Хамидовнинг таваллуд топган куни 75 ёши билан Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев томонидан юборилган табрикнома ўқиб эшиттирилиб, Собиржон Хамидовга эсдалик совғалар билан топширилди.

Фарғона вилоят суди бош консультанти С.Турғунбоев

Ноҳақ айбланган фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари апелляция инстанциясида тикланди

Фуқаро С.М туман судига автомашинасида пиёдалар ўтиш жойидан 5-6 метр ўтиб, махсус авария чироқларини ёққан ҳолда тўхтаб турган ҳолати, туман ИИБ МАИ инспектори томонидан Йўл ҳаракати қоидаларига зид деб баҳоланиб, бошқарувидаги автомашинасида йўл чизиқлари талабларига риоя қилмаганликдан иборат ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан расмийлаштирган маъмурий баённомани бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилган.

Туман судининг қарорига кўра, С.М.га нисбатан туман ИИБ МАИ инспекторининг МЖтК 128-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинлаш ҳақидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, шикоят қаноатлантиришдан рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
12 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон қарорига 1-илованинг 91-бандида, пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 10 метрдан кам масофа қолганда транспорт воситаларига тўхташ тақиқланиши кўрсатилган.

Бироқ, иш юритилишида қайд этилган Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон қарори талабларига риоя этилмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан М.С.ни ҳуқуқбузарлик содир этган деб топиш учун суд мажлисида биргина туман ИИБ МАИ инспекторининг қарори билан чекланилиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этмагани ҳақида келтирган важларини гувоҳларни сўроқ қилиш ва иш ҳолатини тўлиқ ўрганиш орқали текширмасдан, қарорни ўзгаришсиз қолдириб, хатога йўл қўйган.

Юқорида қайд этилган “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон қарор 1-иловасининг 91-бандига асосан, пиёдалар ўтиш жойларидан кейин автотранспорт воситаларига тўхташ тақиқланиши бўйича норма мавжуд эмаслигини инобатга олиб, юқоридаги ҳолат йўл чизиқлари талабларига риоя қилмасдан МЖтК 128-моддасинниг 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгани учун асос ҳисобланмайди.

Шу сабабли, апелляция инстанциясининг қарори билан М.С.га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори ва туман ИИБ МАИ инспекторининг қарори бекор қилиниб, иш МЖтК 271-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

P/С ❌ пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 10 метрдан кам масофа қолганда транспорт воситаларига ТЎХТАШ ТАҚИҚЛАНАДИ.

✅ пиёдалар ўтиш жойларидан ЎТИБ ТЎХТАШ маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмайди.

Муаллиф: В.Сиддиқов,
Фарғона вилоят суди судьяси

Skip to content