Фарғона вилоят судида Судьялар олий кенгаши ташаббуси ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг аёл судьялар жамоаси ҳамкорлигида очиқ мулоқот ташкил этилди
Фарғона вилояти судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирокида ўтказилган тадбирда одил судловни амалга ошириш, тизимда гендер тенгликни таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболдаги вазифалар хусусида фикр алмашилди.
Мулоқотларда юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, судларда аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг роли, тизимда гендер тенгликни таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳамкорликдаги муҳим вазифалар таҳлил этилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан “Фуқаролик судларида хотин-қизлар ҳуқуқларини тиклаш”, “Президент қарори билан жорий этилган оила судьяларининг фаолияти” мавзуларида маърузалар қилиниб, муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Бугунги кунда жамиятнинг ҳар бир жабҳасида, ҳар бир соҳада хотин-қизлар фаоллигини кўриш мумкин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Айни пайтда Наманган вилояти судларида ҳам 15 нафар аёл судья ҳамда 20 нафардан ортиқ хотин-қизлардан иборат бошқарув ходималари фаолият олиб боришяпти.
Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқотларда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳаётда уларнинг фаоллигини янада ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирдан сўнг Ўзбекистон Судьялар клубининг Аёл судьялар жамоаси одил судловни амалга ошириш борасидаги муҳим вазифалар юзасидан вилоят судларида фаолият олиб бораётган аёл судьялар билан суҳбатлашиб олдилар.
Фарғона вилоят суди
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар
бўлими бош консультанти
С.Турғунбоев