Фарғона вилоят судларининг матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 июлдаги ПФ-5482-сон Фармони 1-бандида, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 15 апрель куни Фарғона вилоят Матбуот уйида Фарғона вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари судларнинг 2022 йилнинг 3 ойи давомида амалга оширилган фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Унда, Фарғона вилоят суди, Фарғона вилоят маъмурий суди, туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йил 3 ойида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш аҳволи, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули, Меморандумлар ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олиш борасида” семинар-учрашув

Барчамизга маълумки давлатимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга ҳамда одил судловни таъминлашга катта эътибор бериб келинмоқда.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, халқ билан мулоқот самарадорлигини ошириш ҳамда инсон манфаатларини муҳофаза қилишда қатор ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий омиллар муҳим ўрин тутади.

Шу муносабат билан, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олиш” мавзусида  Фарғона вилоят ИИБ биносида Фарғона вилоят судининг судьялари В.Сиддиков ва Т.Тўрақулов, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси А.Миножиддинов, Фарғона вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи У.Тошпўлатов ҳамда туман (шаҳар) ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул ходимлар иштирокида видеоконференцалоқа режимида семинар учрашув ўтказилди.

Семинар-учрашув давомида судьялар маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни тайёрлаш ва юборишда ҳамда судда кўриш давомида профилактика инспекторлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтиб, ушбу хато ва камчиликларни келгусида бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги  Қонунида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиши, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши, тегишли ҳудудда жамоат тартибини таъминлашда, шу жумладан фуқароларнинг келиши ва кетиши ҳисобга олинишини ташкил этишда, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши, ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича назоратни амалга ошириши, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши белгилаб олинди.

 

Вахобжон Сиддиков,

Фарғона вилоят судининг судьяси

 

«Халқаро хотин-қизлар» байрами муносабати билан Фарғона вилоят судида тадбир бўлиб ўтди

8 март «Халқаро хотин-қизлар» ва 10 март – Халқаро аёл судьялар кунлари муносабати билан вилоят судининг раиси бошчилигида байрам табриги бўлиб ўтди.

Тадбирда, вилоят судининг раиси Ш.Камолов суд жамоаси аёл ҳамкасбларни байрам билан муборакбод этиб, келгусидаги ишларига омадлар тилади.

Шундан сўнг Фарғона вилоят судининг судьялари Ф.Сиддикова, М.Мусаханова ва Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ж.Акрамовага Олий суд раисининг хизмат бурчини намунали бажаргани учун берилган ташаккурнома тантанали равишда топширилиб, сўнг тизимда  ишлаётган барча хотин-қизлар табрикланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.

«Менинг маҳаллам-менинг судьям» ғояси асосида сайёр учрашув ташкил этилди

     Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси Тожиддин Вахобов томонидан жорий йилнинг 29 январь куни  “Менинг маҳаллам-менинг судьям” шиори остида жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни тушунтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан Фарғона шаҳар «Симтепа» маҳалла фуқаролар йиғини биносида маҳалла фуқаро йиғини ходимлари ва маҳалла ҳудудида яшовчи фуқаролар иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.

Сайёр қабул муаммолар ечими

         2022 йил 7 январь куни Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, никоҳдан ажратиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низолар ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган маҳаллалар, туманларда профилактика ишларини жонлаштиришга қаратилган сайёр қабулларни ташкил этиш масаласида Фарғона вилоят судининг раиси вилоят маъмурий суди раиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Бошқармаси бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ Қабулхонаси мудири ўртасида тасдиқланган режа ижроси юзасидан Қўқон шаҳри, Данғара, Учкўприк, Бувайда, Риштон, Олтиариқ, Боғдод, Ўзбекистон, Бешариқ ва Фурқат туманларида судьялар иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.

Қабул жараёнида 161 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 49,7 фоиз ёки 80 та масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди, 24,2 фоиз ёки 39 та мурожаатлар тегишли идораларга йўналтирилди, 26,1 фоиз ёки 42 та мурожаат қаноатлантирилиб, жойида ҳал қилинган.

 

Ижобий ҳал этилган мурожаатлар таҳлил қилинганида, 34 нафар шахсларга нисбатан ишлари сайёр суд мажлисида кўрилиб, тайинланган жазо турлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди;

5 нафар фуқаронинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш муддати қисқартирилди (МЖтКнинг 343-м бўйича);

1 нафар фуқаронинг маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича тайинланган жарима миқдори камайтирилди;

2 нафар фуқаронинг никоҳдан ажратиш масаласи бўйича тушунтириш ишлари олиб бориб, 3 йилдан буён бирга яшамаётган оила тикланди.

Қабулда ҳал бўлган 45 нафар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан оғзаки ташаккурномалар билдирилди.

Қобилжон Муталиев, Фарғона вилоят судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

Skip to content