ИНСОНЛАРГА ЕНГИЛЛИК БЕРУВЧИ ҚОНУН АМАЛДА

Фуқаро Х.М. кеч бўлиб қолгани учун уйига шошилди ва бошқарувидаги “Дамас” автомашинасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, Қува тумани, Ёнғоқтаги қишлоғида Д.Ў. бошқарувидаги автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Натижада, Д.Ў.нинг машинаси шикастланиб, йўловчи И.М. “енгил” тан жароҳати олди. Юқоридаги ҳолат бўйича Қува тумани ИИБ ЙҲХБ суриштирувчиси томонидан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари, мазмунан кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Қува туман судига юборилган.

Бугун, судда ҳуқуқбузар Х.М.га Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 133-моддаси билан юритилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, тарафларга МЖтКга 2021 йил 4 октябрдаги қонун билан киритилган ўзгартиришлар яъни ярашув институти жорий этилгани ҳақида тушунтирилганда, жабрланувчилар Д.Ў. ва И.М. ҳуқуқбузар томонидан уларга етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани, улар ўзаро ярашиб олишганини баён этиб, суддан ишни ярашувга асосан тугатишликни сўраб ариза билан мурожаат этишди. Ўз навбатида ҳуқуқбузар Х.М. ҳам қилмишига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчилар билан ярашиб олганини айтиб маъмурий ишни ярашувга асосан тугатишни сўради.

Мазкур маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси МЖтКга юқоридаги қонун билан киритилган янги 3131-3135-моддалари тартибида ҳаракатдан тугатилди. Бу ўз ўрнида эҳтиётсизлиги туфайли ҳуқуқбузарлик содир этган, ўз қилмишига иқрор ва ундан пушаймон бўлиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни қоплаган ҳамда улар билан ярашиб олган Х.М.ни яна жавобгарликка тортилишини, унга жарима ёки бошқа турдаги маъмурий жазога тайинланишини олдини олди. Умуман олганда, ярашув институти жиноят қонунчилигида қўллана бошлангач, унинг самарадорлиги тезда кўринди, фуқароларда қонунга ва бошқа шахслар ҳуқуқларига ҳурмат, қилмиш учун жавобгарлик ҳиссини ривожлантирди. Шу сабаб, мазкур институтни маъмурий жавобгарликка доир ишлар бўйича ҳам жорий этишга эҳтиёж анчадан буён мавжуд эди. Мазкур ўзгаришлар маъмурий ишларни кўришда фақат ижобий натижалар беради деб ишонаман, ярашув тарафларда қонунга ҳурмат, мавжуд низони тез фурсатда, тарафларни ортиқча овора қилмай, судлар ва бошқа идораларда ишларни сифатли кўрилишига, энг асосийси фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ижобий ўзгаришларга ва жамиятда адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

 

Зафаржон Омонов, жиноят ишлари бўйича

Қува тумани судининг раиси