


Судья иштирокида очиқ дарс
Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг тергов судьяси Дилшодбек Ахмедов томонидан Қўштепа туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабининг битирувчи синф ўқувчилари иштирокида давра сухбати ўтказилди.
Ўтказилган давра сухбатида ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумот берилди ҳамда ўқувчиларнинг ҳуқубузарликларни олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалари эшитилди.

ШАҲАРСОЗЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗИШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА
Маълумки сўнги йилларда мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасини такомиллаштириш ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга кейинги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир бўлаётган кучли зилзилалар натижасида етказилаётган зарарлар кўлами мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлашга ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишга қаратилган бир қатор манзилли чора-тадбирлар амалга оширилишини талаб этмоқда.
Хусусан, бинолар ва иншоотларни қуришни ҳамда таъмирлашни амалга оширувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 мартдаги “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 1050-сонли қонуний билан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузганлик, шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатли давлат органларининг рухсатисиз объектларни қурганлик, қонунчиликни бузган ҳолда кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни ўзгартирганлик ва (ёки) реконструкция қилганлик, шунингдек бинолар ва иншоотларни аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини бузган ҳолда лойиҳалаштирганлик, реконструкция қилганлик ва қурганлик учун жавобгарлик юзага келишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиди. Бунда жиноий жавобгарлик айбдор шахслар ушбу ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортиб бўлинганидан кейин юзага келади. Одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган тарзда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик киритилди.
Хусусан, қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2293-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра, шахс қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
объектларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасиз қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;
ушбу модданинг биринчи – бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланиб, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилиши ҳақида раҳбатлантирувчи норма киритилди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (аҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ҳам янги таҳрирда баён этилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Махкамжон Абдубаннабов,
жиноят ишлари бўйича
Данғара туман судининг раиси

Судья амалий дарс машғулотида
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 авгусдаги “Давлат таълим муассасаларида узлуксиз ҳуқуқий таълим тизимини жорий этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор ижросини амалга ошириш мақсадида судьялар ҳам таълим даргоҳларида тадбирлар ўтказишмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси Одилжон Исмоилов томонидан Фарғона шаҳридаги 5-сонли мактабда ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида амалий дарс машғулотлари ўтказилди.
Амалий дарс жараёнида судья ўқувчиларга таълим соҳасидаги янгиликлар, қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар бериш билан бирга ўқувчиларнинг келгусидаги мақсадлари ва интилишларига ундовчи ибратли фикрлари билан ўртоқлашди.
Судья ва мактаб ўқувчилари билан қизиқарли ва мазмунли ўтган амалий машғулотда мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ҲАР ҚАНДАЙ АРАЛАШИШ ОДИЛ СУДЛОВГА СОЯ СОЛИШ, ДЕБ БАҲОЛАНАДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлишини таъкидлаб, сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилгани, лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган ваъзифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди.
Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, – деди Президентимиз.
Судьяларнинг дахлсизлиги, мустақиллиги янгиланган Конституциямиз ва қонунларимиз билан мустаҳкамланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида, судьялар мустақил ва дахлсиз эканлиги, муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.
Жиноят кодексининг 236-моддасига кўра, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун айбдор жиноий жавобгарликка тортилади.
Шу сабабли, судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, унга таъсир ўтказилганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга йўл қўядиган ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этмаслиги ёки бошқа шахсларга шундай ҳаракатларни содир этиши учун имкон яратиб бермаслиги, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши шарт.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак.
Вахобжон Сиддиков,
Фарғона вилоят судлари
судьялари малака ҳайъати раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Фарғона вилоят суди